Ўқитувчи аттестациядан ўтгандан кейин унинг малака тоифаси (лавозими) оширилса, ана шу тоифа бўйича ҳақ тўлаш қачондан бошланади? Аттестация комиссияси қароридан сўнгми ёки сертификат берилган санаданми, ёки янги ўқув йилиданми?
#Жавоб
Аттестация якунланганидан сўнг бир ой муддатда Таълим инспекцияси бошлиғининг буйруғи билан аттестация натижаларига кўра олий, биринчи ва иккинчи малака тоифалари ҳамда бош, етакчи ва катта ўқитувчи лавозимлари берилган педагог кадрларнинг рўйхати тасдиқланади ҳамда рўйхатга асосан педагог кадрларга QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатлар Таълим инспекциясининг расмий веб-сайти орқали онлайн генерация қилинади.
Навбатдаги мажбурий ва навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра малака тоифаси оширилган ёки сақланган, шунингдек, навбатдаги мажбурий аттестация натижаларига кўра малака тоифаси туширилган педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақларига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун Таълим инспекциясининг расмий веб-сайти UzASBO ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурлари ҳамда мактаб бошқарув (ERP) дастурлари билан интеграция қилинади.
Шундан сўнг педагог ходимларнинг базавий тариф ставкалари миқдори, уларнинг малака тоифаси ёки лавозими сертификат асосида белгиланади ҳамда уларнинг иш ҳақлари сертификат генерация қилинган кундан бошлаб қайта ҳисобланади.