Ассалому алайкум мен география фанидан дарс бераман. Узлуксиз стажимга 20 йилдан ошган.2017 йилда олий тоифа олганман.2022йилда мажбурий аттестацияга киришим керак. Янги қарорга кўра тоифам охиригача сақланади дейилган, лекин мени ўтасиз деб рўйхатдан ўтдим. Энди ўтмайсиз дейишди. Саволим рўйхат бўйича менга тест келса қатнашмасам тоифам тушиб кетмайдими?
?ЖАВОБ:
Ҳақиқатдан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли Қарорининг 3-бандига кўра узоқ муддатли узлуксиз стажга ва олий малака тоифасига эга педагог кадрларни аттестациядан ўтказмасдан уларнинг олий малака тоифасини сақлаб қолиш тартиби келтириб ўтилган.
Мазкур Қарор билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 4-бандига биноан педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилиши назарда тутилган.
Бироқ, Низомнинг 6-бандида таълим ташкилотларида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифали (бош ўқитувчи лавозимидаги) педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги белгилнанган.
Низомнинг 7-бандига кўра навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин.
Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрларнинг амалдаги малака тоифалари (лавозимлари) сақланиб қолади ҳамда уларга таълим ташкилотларида ишлаган даврида мазкур малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.
Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, малака тоифасини (лавозимини) оширган ёки сақлаб қолган педагог кадрларга оширилган ёки сақлаб қолинган малака тоифаси (лавозим) бўйича ҳақ тўланади.
Эътибор беринг! Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, аттестациядан ўта олмаган педагог кадрларнинг малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ҳамда уларга навбатдан ташқари аттестацияда қатнашишдан олдин амалда бўлган малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.
Демак, сиз навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайсиз.