
Ассалом алейкум! Мактаб раҳбарияти ёки таҳлил гуруҳи ўқитувчининг дарсини таҳлил қилишга кирганда, ўқитувчи уларни синфдан чиқариб юбориши мумкинми?
ЮРИСТ ЖАВОБИ:
Таълим тўғрисидаги қонунда мактаб раҳбариятининг бундай ҳаракатларига чеклов ўрнатилмаган.
Иккинчидан, Халқ таълими вазирлигининг 07.12.2019 йил 393-сонли буйруғи ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 01.07.2021 йил 206-сонли буйруғига асосан директорнинг ўқувчиларнинг билимлари сифатини давлат таълим стандартларига мос келишини, тарбиявий ишлар самарадорлигини таъминлаш ва назорат қилиш, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришини яхшилаш ва уларга сифатли таълим бериш мақсадида мактабни узлуксиз ривожлантириш чораларини кўриш лавозим мажбурияти белгиланган.
Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг мактабда таълим стандартлари талаблари бажарилишини назорат қилиш, ўқитувчиларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва умумлаштиришни, замонавий педагогик технологияларни жорий қилишни ташкил этиш мажбурияти белгилган.
Маънавий-маънавий ишлар бўйича директор ўринбосарининг лавозим мажбуриятлари қаторида таълим муассасасида маънавий-ахлоқий тарбиявий ишларни ташкил қилиш, педагог ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйишда иштирок этиш, юқори малакали ўқитувчиларнинг илғор педагогик тажрибасини ўрганиш, умумлаштириш ва уларни оммалаштириш кабилар мавжуд.
Шунингдек, психологнинг ўқувчилар ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва турли кўринишдаги психологик ёрдам бериш, турли йўналиш ва мақсадларда психологик ташхис ўтказиш, руҳий, жисмоний ва ақлий қобилият, мойиллик, имконият каби сифатларни аниқлаш учун тестлар ўтказиш каби мажбурияти белгиланган.
✅ Шундай экан, раҳбарият синфларда текширув ўтказиши мумкин.
✅Бироқ бу жараён таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга олиб келса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 197-5-моддасига мувофиқ фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бундай ҳолат кузатилганда, туман ИИБга мурожаат қилиш керак.