Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жорий йилнинг 19 август куни Халқ таълими вазирлигининг "Facebook" ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ўтказилган очиқ мулоқотида ҳозирги кунда мактабларни асоссиз равишда текширувчилар кўпайиб кетганлигини танқид остига олди.
“Президентимизнинг алоҳида топшириғига кўра, 2019 йил 25 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача ҳамда умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 352-сонли қарори қабул қилиниб, мактабларни текшириш анча тартибга солинди.
Лекин, секин-секин кўриб турибманки, баъзи бир ҳудудларда турли хил текширувчилар кўпайиб кетти. Ҳурматли педагоглар, мактаб раҳбарлари, “РайОНО”лар, дуч келган одам мактабни текширавермасин. Биринчи навбатда Вазирлар Маҳкамасининг текшкирувларни тартибга солиш тўғрисидаги қарорини ўқиб чиқинглар.
Агар кимдир, ноқонуний текширув қилиб, сизларни қўрқитиб, нимадир талаб қилиб, тамагирлик қиладиган бўлса, бизга айтинглар, бизлар ёрдам берайлик. Баъзи бир директорларда ҳам нотўғри тушунча бор. Исталган текширувчи келдими, дарров пул йиғиб, ўша текширувчига чой қилади, ош қилади. Нима кераги бор ундай қилиб тизим ходимларини қийнашни?
Биргалашиб, ортиқча ноинсоф текширувчилар бўладиган бўлса, уларга қарши курашайлик. Улар ҳам битта коррупциянинг элементи. Бу коррупцияга қарши бизлар ҳам биргаликда ҳаракат қилайлик. Йўқ қилайлик. Шунда ўқитувчини ҳам тинч қўясизлар, ўқитувчиларнинг ойлигидан ортиқча йиғди-йиғдилар ҳам камаяди.” – дея мурожаат қилди Шерзод Шерматов