Кўпчиликка маълумки, ҳозирги кунда ҳудудий бандлик бўлинмалари томонидан умумтаълим мактаблари раҳбарлари томонидан ўқитилаётган дарс соатларини ҳамда ўқитувчилар томонидан бир ставкадан ортиқ дарс соатларини, ҳатто минимал даражадаги ортиб қоладиган дарс соатларини (1 ёки 2 соат) ҳам ҳар ойлик ҳисоботларда вакант дарс соатлари сифатида кўрсатиб беришларини талаб қилиш ҳолатлари кузатилади.
Яъни, юқори малакали ўқитувчи “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги (3271-сонли) низом асосида 30 соат дарс олган бўлсада, мактаб директори ҳар ойда ўша ўқитувчига берилган ортиқча 10 соатни ҳудудий бандлик бўлимига бўш иш ўрни сифатида кўрсатишга мажбур эди. Натижада эса ўқитувчиларга берилган ортиқча дарс соатлари иш сўраб келган талабгорларга олиб бериларди.
Куни-кеча норматив ҳужжатларни кўздан кечираётиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 28 апрелда имзоланган “Халқ таълими тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 243-сонли қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарорига ўқитувчиларни хурсанд қиладиган ўзгартиришлар киритилганлигига кўзим тушиб қолди.
Қувонарли томони шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 3-иловасига, «Ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати асосида ўқитувчиларга бир ярим ставка миқдоригача белгиланган дарс соатларининг бир ставкадан ортиқ бўлган қисми бўш иш ўринлари сифатида қайд этилмайди.» деган банд қўшилибди.
Ана энди янги ўқув йилидан бошлаб, умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига 1,5 ставкагача ажратилган дарс соатлари вакант дарс соат сифатида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига бериладиган ҳар ойлик ҳисоботларга киритилмайди