Фарғонадаги боғчаларда коррупция, тамагирлик кўп учрамоқда
👉ATTESTATSIYA TESTLARINI ISHLASH👈 👉ATTESTATSIYA TESTLARINI ISHLASH👈

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида Тошлоқ туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида мудира фуқаро Д.Т. ни 0,5 ставка ишга олиш учун ундан 200 доллар миқдорида пора олишга уринган. Бешариқ туманидаги боғчада эса фуқаро Г.Д. асли қонун йўли билан ишдан бўшатилган бўлсада, фаолиятини давом эттириши учун шунча миқдордаги порани мудирага бераётган пайтда ушланган.

Қўқон шаҳридаги 64-ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасасининг собиқ мудираси Э.Ибрагимова томонидан ҳам юқоридагига ўхшаш жиноят содир этилган. 2020 йилнинг июнь ойида туғуруқ таътилидан қайтиб, ишлаш истагини билдирган М.Мамажонова боғча ошпази Р. Холматова воситачилигида талаб қилинган порани беришга жуда оғринади. Қонуний ҳақини ҳимоя қилиш мақсадида Департаментнинг шаҳар бўлимига мурожаат қилади…

Боғча мутасаддилари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, уларга 2 йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгарлиги бўлган лавозимларда ишламаслик ва 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ўтган йилда аниқланган коррупцион ҳолатларда ишламаётган ходимлар – «ўлик жонлар» номига маош ёзиш ҳам каттагина кўрсаткични ташкил этган. Бошқарма томонидан Фурқат туманидаги давлат боғчаларидан бири ўрганилганда, 2016-2020 йиллар давомида аслида ишламаган 9 нафар шахс – «ўлик жонлар» номига иш ҳақи ёзилиб, бюджет маблағлари талон-тарож қилинганлиги аниқланган.

2020 йил давомида давлат мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида прокуратура идоралари мансабдор шахсларнинг 32 та қонунга зид ҳужжатни бекор қилиш ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш юзасидан протест келтирди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларнинг 20 нафар ходимига нисбатан интизомий, 51 нафарига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

 М.Сулаймонов,  ЎзА

Манба: uza.uz