Боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар ойлиги ўқитувчилар ойлигига тенглаштирилади “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар…
Боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар ойлиги ўқитувчилар ойлигига тенглаштирилади
“Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–79-сон, 26.05.2023 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан босқичма-босқич:
- мактабларнинг 1–4-синфларида ўқувчиларга бошланғич, 5–9-синфларида таянч ҳамда 10–11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос ўқув дастурлари ва ўқув-методик мажмуалар жорий этилади;
- баҳолашнинг янги тартиби жорий этилади. Бунда ўқувчининг ўтилган мавзуни амалиётда қўллай олиши, танқидий фикрлаш ва таҳлил кўникмалари баҳоланади;
- бошланғич синфларда информатика, ўрта синфларда эса молиявий саводхонлик дарслари ўтилади;
- барча фанлар бўйича амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилади.
2024 йил 1 январдан мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш жорий этилади.
Бунда 2023/2024 ўқув йилидан ўқитувчилар стажёр-ўқитувчи сифатида ишлайди ва 1 йилда сертификат олиши талаб этилади.
2024 йил 1 январдан давлат боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади.
Бунда малака тоифаси учун синовлар 1 йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади ҳамда биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади.
2024 йил 1 июндан боғчалардаги олий маълумотли тарбиячиларнинг ойлиги мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилади.
Бола туғилганидан бошлаб мактабга онлайн ҳисобга қўйилади
Фармонга кўра, 2023 йил 1 сентябрдан:
- мактаб директорига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади;
- туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаб фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади;
- ҳудудларда энг тажрибали мактаб директорларидан иборат Директорлар кенгашлари тузилади;
- мактаб директорлари Директорлар кенгаши тавсиясига асосан ҳудудий бошқармалар томонидан очиқ танлов асосида лавозимга тайинланади.
2024 йил 1 январдан мактаб директорларини ҳар 5 йилда бир маротаба касбий сертификациялаш тизими жорий этилади.
Бунда, сертификациядан ўта олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар бекор қилинади:
- маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлашда туман (шаҳар) маънавият ва маърифат маркази томонидан тавсия бериш амалиёти;
- жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини ишга қабул қилишда спорт соҳасидаги ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлимлари ҳамда спорт мактаблари методистлари томонидан йўлланма бериш тартиби.
2024 йил 1 январдан:
- бола туғилганидан сўнг, доимий яшаш манзилидаги микроҳудудга бириктирилган мактабда онлайн ҳисобга қўйилади;
- мактабларнинг ҳар ўқув йили учун қабул режаси my.maktab.uz электрон платформасида шакллантирилади.
Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан “Сирдарё тажрибаси” асосида ҳар битта ҳудудда биттадан замонавий “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил қилинади.