Умумий пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсияга чиқиш мумкинми?

Ассалому-алайкум юрист хизматига савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Бир жойда яъни ақлий ва жисмоний ривожланиши орқада қолган (ногиронлиги бор) болалар учун ихтисослаштирилган мактабда 25 йил иш стажига эга бўлган педагог ходим ёшидан қатъий назар имтиёзли пенсияга чиқиши мумкинми ёки ёш чегараси борми? Туман пенсия жамқармасига қилган мурожаатимга тайинли жавоб ололмадим!

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Пенсияга чиқишда иш стажидан ташқари ёшга оид меёр ҳам белгиланади. Умумий қоида бўйича  ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
эркаклар — 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Бу Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонуни 7-моддасида мустаҳкамланган. Шу билан бирга пенсияга чиқиш ёшини камайтириш бўйича бир қатор имтиёз бор.

Буларнинг биринчиси ушбу қонун 12-1-моддасида белгиланган, унга кўра камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бундан ташқари қонун 10-моддасида ёшидан қатъи назар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга касблар тоифаси белгиланган.

Бироқ улар қаторида ақлий ва жисмоний ривожланиши оркада колган (ногиронлиги бор) болалар учун ихтисослаштирилган мактаб педагог ходимлари келтирилмаган.

Ушбу қонун 9-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1994-йил 12-майдаги 250-сон “Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида тасдиқланган Умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, вазифалар ва кўрсаткичларнинг 3-сонли рўйхати 7-қисмида ногирон болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, ҳарбий академик литсейлар, ўқув колониялари ўқитувчилари келтирилган.

✅ Шунга кўра сиз ҳам умумий пенсия ёшини 5 йилга камайтирган ҳолда пенсияга чиқишингиз мумкин.