Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бухгалтери директоримизга “декрет” таътилига кетган ўқитувчининг ўрнига ишлаётган бўлса ойлигининг ярмини олади, - дебди. Шу тўғрими?
Савол: Мактабга ҳомиладорлик ва туғиш таътилига кетган ўқитувчининг ўрнига муайян муддатли меҳнат шартномаси асосида мени ишга олишмоқчи. Мен ҳомиладорлик ва туғиш таътилига кетган ўқитувчининг ўрнига муддатли меҳнат шартномаси асосида ишга кирсам менга ишлаганим учун меҳнатимга ҳақ амалдаги тарифдан кам тўланадими? Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бухгалтери директоримизга “декрет” таътилига кетган ўқитувчининг ўрнига ишлаётган бўлса ойлигининг ярмини олади, - дебди. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу ҳолатда бухгалтернинг айтган гаплари нотўғри деб ҳисоблаймиз ва қуйидагича асослаймиз.
Ўзбектстон Республикаси Меҳнат кодекси(МК)нинг 4-моддасига кўра, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланади. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир, - деб белгиланган.
МК 244-моддасига кўра, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш соҳасидаги қуйидаги асосий кафолатлар: меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида камситишни тақиқлаш, иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбуриятини мустаҳкамлаб қўйиш каби кафолатлар белгиланган. Яъни иш берувчи ўзининг молиявий аҳволидан қатый назар ходимга меҳнат шартномасида шартлашилган ишга меҳнат шартномасида назарда тутилган ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳақ тўлаши керак дейилган. Сизнинг вазиятингиздан билишимиз мумкинки ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.12.2005 йилдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги 275-сон қарори асосида ҳақ тўланади.
Бундан ташқари, МК 404-моддасига кўра, аёлга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиб, қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланади.
Эътибор беринг нафақа дейилаяпти, ойлик ёки иш ҳақи дейилмаяпти. Нафақа бу давлат томонидан бериладиган ижтимоий таъминот ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 40-бандига кўра Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади, - деб белгиланган. Мазкур низомнинг 48-бандига кўра, Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, шу жумладан, мазкур Низомнин 4-бандига мувофиқ нафақа тайинланганда ҳам, иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилиши белгиланган. Яъни Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходимнинг тўлиқ иш ҳақидан келиб чиқиб тўланади.
Шундан келиб чиқиб, сиз тарификация бўйича ажратилган соатлар бўйича тариф ставкангизга кўра ўтилган дарс соатингиз ва педагогик юкламангиз бўйича тўлиқ ҳақ оласиз. Сизнинг меҳнатингизга ҳақ тўлаш билан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига кетган ходимга тўланадиган нафақанинг бир-бирига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Агар сиз билан меҳнат шартномаси тузулиб ишлаган даврингиз учун кам ҳақ тўланса ёки тўланмаса туман адлия бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин. Бундай ҳолатда иш берувчи томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузиш деб баҳоланади.
Бу эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган норма бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 баравари (1 млн 700 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бухоро туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази Бош юрисконсулти 3-даражали юрист И.Саидов