Инспектор-психолог ўқитувчининг иш фаолиятига аралашишга ҳақлими?
Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz

#Савол
Инспектор-психолог педагоглар дарсига алоқадор маълумотлар бўйича уларни сўроқ қиляпти. Уларни бундай қилишга ваколати борми? Инспектор-психолог давомат билан шуғулланадими ёки педагог ходимлар фаолиятини ўрганадими?

#Жавоб
Биринчи навбатда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, педагог ходимининг касбий фаолиятига ноқонуний тарзда аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу бўйича алоҳида жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддасига кўра таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш:

— фуқароларга 2 млн 310 минг сўмдан — 3 млн 300 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 3 млн 300 минг сўмдан — 4 млн 950 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади;

— худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга 3 млн 300 минг сўмдан — 4 млн 950 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса — 4 млн 950 минг сўмдан — 6 млн 600 минг сўмгача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шу сабабли, инспектор-психологлар ҳам ўқитувчининг иш фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди. Уларга ўқитувчилар фаолиятини текшириш ваколати берилмаган.

Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруғи билан инспектор-психологлар зиммасига ҳар бир ўқувчи кесимида умумий ўрта таълим муассасаларида психологик муҳитни яхшилаш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш бўйича вазифалар юклатилган.

Яъни, улар дарсларга мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганларни аниқлайди, дарсларга қатнашмаслик сабабларини ўрганади ҳамда ўқувчиларнинг микромуҳитини ўрганиш борасида оилаларга ташриф буюриб, ўсмир ва ота-оналар билан индивидуал суҳбатлар уюштиради.

Кўриб турганингиздек, инспектор-психологларнинг вазифаси умуман бошқа. Улар фақат муаммоли ўқувчилар билангина ишлаши лозим. Бу борада ҳуқуқлари бузилган педагог ходимлар тегишли органларга шикоят қилиши мумкин.

@xalqtaliminfo