Ўзидан икки ёш кичиклар билан ўқиётган ўқувчининг ота-онаси уни тенгдошлари ўқиётган синфга ўтказишни талаб қилмоқда. Бу тўғрими?
Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz

#Савол

Мактабимизда бир ўқувчи ўзидан икки ёш кичик болалар билан таҳсил олади. Бундай ўқишининг сабаби чет элга ота онаси билан чиқиб кетган, лекин чет элда ўқимаган.

Чет элдан қайтиб келганидан сўнг яна қайси синфдан кетган бўлса ўша синфга қабул қилинган. Бугуни кунда ота-онаси мактаб раҳбариятига мурожаат билан чиқмоқда, ўз тенгдошлари билан ўқисин деб. Ушбу масалада қонуний ечим борми?

#Жавоб

Ушбу вазиятда Халқ таълими вазирининг 2015 йил 2 июндаги 13-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган "Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисида"ги низом талаблари бўйича иш тутиш энг тўғри йўл.

Ушбу низомга кўра, ота-оналар ўқиш, ишлаш, узоқ муддатли даволаниш ёки бошқа мақсадларда доимий ёки вақтинча яшаш учун хорижий давлатга кетаётган бўлса, фарзандини доимий ёки вақтинча яшаш учун кетаётган давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Лекин ота-оналар орасида хорижий давлатга кетиб, фарзандини ҳеч қайси таълим муассасасида ўқитмайдиганлари ҳам топилади. Бу каби ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра жавобгарликка тортиш мумкин.

Хориждан қайтган ўқувчини мактабга қабул қилиш масаласига қайтадиган бўлсак, бунинг учун ота-оналар боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг (ҳужжатларнинг) асли ва нотариал тасдиқланган таржимасини тақдим этиши керак бўлади.

Аммо боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжат мавжуд бўлмаганда, мактаб директори болани унинг ёши ва билим даражасига мос синфга қабул қилиши лозим.

Юқоридаги қоидадан келиб чиқадиган бўлсак, ўқувчи икки йил мобайнида ҳеч қайси таълим муассасасида таълим олмаган бўлса, болани унинг билим даражасига мос синфга қабул қилиш мумкин.

Умумий хулоса шуки, юқоридаги вазиятда ўқувчининг ота-онаси уни тенгдошлари ўқиётган синфга ўтказишни талаб қилишга ҳақли эмас.

@xalqtaliminfo