Мактабда педагоглар етарли бўлса ҳам директор яна янги ўқитувчини ишга олишга мажбур(ми?)

Кўпчилик обуначиларимиз ўқитувчиларнинг бир ярим ставка миқдоригача белгиланган дарс соатларининг бир ставкадан ортиқ бўлган қисми энди бўш иш ўринлари сифатида қайд этилмайдими деб савол бермоқда.

 

Тўғри, ҳақиқатдан ҳам қонунчилик ҳужжатларида шундай қоида мавжуд. Бу ҳақда биз 2021 йил август ойида хабар берганмиз. Аммо бу ерда ноаниқликлар мавжуд. Шу сабабли мазкур қоида мана икки йилдирки ишлагани йўқ.

Ta'lim

Таълим тизимида бир-бирини рад этувчи нормалар жуда кўп. Бунга эса на вазирлик на бошқаси изоҳ беролади. Ҳамма жимгина индамай кузатади. Мисол учун, мактабларда кадрлар етарли бўлишига қарамасдан жойларда ҳудудий аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан вакант иш ўринлари талаб қилиш ҳолати кузатилади.

 

Директор мактабда бўш иш ўрни йўқ деса, бандлик бўлими ходими, ўқитувчиларга 20 соатдан ортиқ дарс мумкин эмас, ана ўшаларнинг дарсидан олиб берасиз деб мажбурлайди. Хуллас, дарс тақсимотини тартибга солувчи низомга амал қилай деса қонун ҳужжатларига тўғри келмайди, ўқитувчилардаги ортиқча дарс соатларни вакант сифатида кўрсатмай деса, жаримага тортилади. 

 

Ваҳоланки, икки йил олдин Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарорига ўзгартиришлар киритилиб, унда «Ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати асосида уларга бир ярим ставка миқдоригача белгиланган дарс соатларининг бир ставкадан ортиқ бўлган қисми бўш иш ўринлари сифатида қайд этилмайди» деб ёзиб қўйилган.

 

Аммо, буни ҳеч ким тан олмайди. Чунки, бу нормага қонун ҳужжатларига зид дея баҳо берилган. Ўқитувчиларга 20 соатдан ортиқ дарс бериш мумкин бўлмаса, унда нима учун “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги (3271-сонли) низом Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилиб, амалиётга жорий қилинди деган савол ҳам очиқ қолган.

 

Бу масалани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ўзаро келишиб олса бўлади, лекин ундай қилишмайди. Бунинг ортидан кўпчилик педагоглар жабр кўриб, қачонки каттароқ аудиторияга эга бўлган ОАВда эълон қилинса, кейин эътибор қаратилса керак.

Улуғбек Пўлатов