Нафақалар миқдори 568 минг сўмга етказилди.
1 августдан бошлаб иш стажига эга бўлмаган кексаларнинг нафақаси, боқувчисини йўқотганлик учун, ўзгалар парваришига муҳтож болалар учун ва бошқа ҳолатларда тўланадиган нафақалар миқдори янги белгиланган минимал истеъмол харажатларига етказилади.
28 июл куни президент “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармон имзолади.
Фармон билан, муайян турдаги пенсия ва нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатлари миқдорига (568 минг) етказилмоқда.
2023 йил 1 августдан бошлаб:
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 568 000 сўм;
ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўм этиб белгиланади;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 568 000 сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда камбағаллик чегараси деб эътироф этилган минимал истеъмол харажатлари миқдори 2022 йил январида 498 минг сўм деб белгиланган, орадан 18 ой ўтиб, 2023 йил июлида бу миқдор 14 фоизга оширилиб, 568 минг сўмга етказилганди. Бироқ, бу 18 ойлик даврда қайд этилган инфляция 14 фоиздан юқори эди.