Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда айтилишича, бошланғич синфларда хорижий тажриба асосида янги ўқув дастури жорий қилинади. Юқори синфларда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага камайтирилиб, дастурларнинг фанлараро ва синфлараро интеграцияси таъминланади. Бунда 11 та мажбурий ва 2 та танлов фани татбиқ этилади. Янги ўқув йилидан информатика фани 1-синфдан ўргатилади.
Ҳозирда мавзуларнинг 70 фоизи кундалик ҳаёт билан боғланмаган. Энди фанларнинг амалий машғулотлар улуши 40 фоиздан 60 фоизгача оширилади. Бунда мавзулар аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилади, амалиёт дарслари эса лойиҳани бажариш шаклида ўтказилади.
Мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади.
Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани бўйича билими, иккинчисида педагогик маҳорати баҳоланади. Малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорида устама тўланиши мумкин.