
Белгиланган муддатида тест синовларида иштирок эта олмаса нима бўлади?
Савол: Мен Самарқанд вилояти, Иштихон туманидаги 91-мактабнинг Бошланғич синф ўқитувчисиман. Муаммо: Мен 4 ноябрда бўлган аттестацияда шифохонада даволанаётганлигим учун бора олмадим. Саволим: маълум сабабларга кўра қолиб кетганлар учун алоҳида аттестация бўладими? Агар бўлса қандай тартибда бўлади мендан нималар талаб қилинади?
Жавоб: Низомнинг 45-банди Педагог кадрлар аттестациянинг бирор босқичида узрли сабабга (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги, вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлганлиги, яқин қариндошининг вафоти, ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган бошқа асосларга) кўра келмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади.
Низомнинг 46-банди Педагог кадр узрсиз сабабга кўра аттестацияда иштирок этмаган бўлса, у аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ҳамда унинг тегишли малака тоифаси (лавозими) бир поғона туширилади (Навбатдан ташқари аттестация бундан мустасно).
Узрсиз сабабга кўра аттестацияда иштирок этмаган мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозимидаги педагог кадр аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ҳамда иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаган педагоглар учун қўшимча кун белгиланади. Қўшимча кунда иштирок этиш учун иш берувчиларнинг хатлари асос сифатида қабул қилинади.