​​Умумий ўрта таълим тизимида раҳбарлик лавозимларига муқаддам судланган шахсларнинг тайинланиши тақиқланлмоқда

Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, муқаддам судланган шахсларнинг мактабларда, умуман, умумий ўрта таълим тизимида раҳбарлик лавозимларига тайинланиши тақиқланиши кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳаси тасдиқланса, қуйидагилар ҳам умумий ўрта таълим тизимида раҳбарлик лавозимига тайинланиши тақиқланади:

-суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

-психиатрия ёки наркалогия муассасаларида ҳисобда турган шахслар;

-умумий ўрта таълим тизимида раҳбарлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликка чалинган шахслар;

-қасддан содир этган жинояти учун муқаддам судланган (судланганлик ҳолати тугатилганлиги, олиб ташланганлигидан қатъи назар) шахслар;

-жиноят ишлари айбдорлиги тўғрисидаги масала ҳал этилмаган ҳолда тугатилган жиноятларни (қасддан) содир этган шахслар.”.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармони билан тасдиқланган «2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур»нинг 10-бандида жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг халқ таълими тизимида раҳбарлик лавозимига тайинланишини чеклаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш белгиланганди.