Иккинчи чоракдан бошлаб онлайн дарслар тажриба-синовдан ўтказилади

Масофавий таълимни умумтаълим мактаби ўқувчиларининг таълим олиш жараёнларига босқичма-босқич жорий этиб бориш мақсадида масофавий таълим шакли — “Online maktab” дастури тажриба-синов жараёнлари ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 2022-2023 ўқув йилининг иккинчи чорагидан бошлаб ўтказиладиган мазкур масофавий таълим жараёнида Тошкент шаҳар мактабларида таҳсил олаётган 60 нафар 7-синф ўқувчилари ота-оналар ва ўқувчиларнинг ўз ихтиёрига асосан саралаб олинади.

Бунда умумтаълим мактаблари маъмурияти томонидан ўқувчиларнинг ота-оналари билан анкета-сўровномалари ўказилади ҳамда унинг натижаларига кўра талабгор ўқувчилар рўйхати шакллантирилади.

Масофавий таълим жараёнларига жалб этилган ўқувчиларнинг дастлабки билим даражасини аниқлаш ва ўзлаштириш жараёнларини мониторинг қилиб бориш мақсадида бошланғич синов (кириш тести) ўтказилади.

Синов натижаларига кўра, масофавий таълим олишга мўлжалланган ҳар бири 30 нафар, жами 60 нафар ўқувчидан иборат, таълим ўзбек ва рус тилларида олиб бориладиган 2 та синф ташкил этилади.

Мазкур тажриба-синов якунлари бўйича келгусида умумий ўрта таълим босқичида масофавий таълим шаклини жорий этиш бўйича зарур таклифлар тайёрланади. “Online maktab” дастури тажриба-синов жараёнлари ҳақидаги тўлиқ маълумот билан Халқ таълими вазирлигининг расмий саҳифаси орқали танишиб чиқишингиз мумкин.