Бола китобни ўқишни хоҳламаяпти: асосий сабаблари нимада?

Ота-оналар фарзандининг кўпроқ китоб ўқишини исташади. Аммо ҳатто ўқиш ҳақида ўйлаш ҳам болада катта қаршиликка сабаб бўлса, нима қилиш мумкин?

Бола ўқишни ёқтирмаслигининг сабаблари кўп. У ҳали ўзига ёқадиган жанрни топмаган бўлиши мумкин. Ёки у жуда фаол ва унинг фикрича, зерикарли бўлган китобларни ўқиш ўрнига кўчада ўйнашни хоҳлайди. Яна бир сабаб — болалар тушуниши қийин бўлган мураккаб китобларни ҳам ўқишни ёқтиришмайди. Агар уларни иккиланиб ўқиса, ҳар қандай йўл билан ундан қочади.

Фарзандингизда бир умр ўқишга бўлган муҳаббатни тарбиялашнинг бир неча йўли мавжуд. Аммо аввал сиз бола ушбу машғулотни ёқтирмаслигининг сабабини топишингиз керак:

Болага ўқиш зерикарли. Китоб танлашда болани аниқ нима қизиқтираётганини аниқланг. Фарзандингиз учун энг қизиқ бўлган жанрдаги китобларни танлаш билан ўқишга қизиқишини уйғотасиз.

Ўқиш бола учун одатий эмас. Бўш вақтингизда ўзингиз китоб ўқийсизми? Агар у ота-онаси китоб ўқиётганини кўрмаса,бу машғулотни яхши кўриши эҳтимолдан йироқ. Фарзандингизга яхши ўрнак кўрсатинг ва у билан ўқиган китобларингизни муҳокама қилинг.

Болада кўриш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиши мумкин. Агар фарзандингиз саҳифадаги ҳарфларни кўришда қийналаётган бўлса, кўзларини текширтиринг. Эҳтимол, унга ўқиш учун кўзойнаклар керакдир.

Болада қатъиятлилик етишмайди. Агар болангиз ўқишдан кўра ўйинларни афзал кўрса, иккисини бирлаштиринг. Ўқиш учун қизиқарли ўйинлар ўйлаб топинг: янги таом учун рецепт яратинг, маслаҳатлар ёрдамида хазиналарни қидиринг ёки фарзандингиз билан бирга дўстлари учун табрикномалар ясанг.

Бола ўқишни одатдаги зерикарли иш сифатида қабул қилади. Бунда уни ўқишга мажбурламанг. Аксинча, унга ўқиш — бу бўш вақтни мароқли ўтказиш учун машғулот каби ҳис қилдиринг. Китобни овоз чиқариб ўқинг, мутолаани қизиқарли ва қувноқ ўтказинг. Агар у тутилиб қолса ёки бирор сўзни ўқий олмаса, сабр қилинг. У ўзига қулай бўлган тезликда ўқисин.

Узоқ муддат ўқиш чарчоқ чақиради. Агар у узоқ вақт эътиборни жалб қила олмаса, кичик ҳажвиялар, болалар шеърлари китобларини олиб беринг. Катта китобни ўқиётганида, уни қисқа қисмларга бўлинг ёки ўқиганларини муҳокама қилиш учун танаффус қилинг.

Ўқиш пайтида бола ўзини ёлғиз ҳис қилади. Эҳтимол, у ўқиш ўрнига дўстларига кўпроқ вақт ажратишни хоҳлар. Уни дўстлари билан китоб алмашишга таклиф қилинг. Бу яхши анъанага айланиши мумкин: болалар биргаликда ўқишлари (сиз уларни роллар бўйича ўқишга таклиф қилинг) ёки ўқиганларини муҳокама қилишлари мумкин.

Биз нима қила олсак ва фойдали деб ўйласак, шуни қиламиз. Ўқиш ҳақида гап кетганда, болалар ҳам худди шундай қилишади. Фарзандингизни ўқишга унданг, унга буни муносиб машғулот эканлигини кўрсатинг. Бу эса, натижа бермасдан қолмайди. У умр бўйи ўқишни яхши кўриб қолади.