Мактабларни таъмирлаш маҳаллий ҳокимлар зиммасига юклатилган

Халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга оширишга жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 5-сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5538-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ: маҳаллий давлат ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига юклатилган. 

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ҳам ота-оналар томонидан келиб тушган мурожаатларга қуйидаги баёнотни эълон қилди:

"Ўзбекистон Республикаси Президентнинг тегишли Фармон ва Қарорларида умумтаълим мактабларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатларида умумий ўрта таълим олиш бепул эканлиги кафолатланганини инобатга олиб, мактаблардаги ҳар қандай мажбурий йиғимлар ноқонуний эканлигини маълум қиламиз.

Агар фарзандингиз таълим олаётган мактабда ноқонуний пул йиғимлари ташкил этилаётган бўлса, бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг 71 202-09-09 Ишонч телефон рақамига хабар беришингизни сўраймиз."