Бугунги кунда аудиокитобларни топиш муаммо эмас. Уларни тинглаш ҳам, интернет тармоғидан бир неча сония ичида юклаб олиш ҳам жуда қулай. Бироқ, нима учун улар босма китобларнинг ўрнини боса олмаяпти? Нима учун китоб ўқиш, аудиокитоб тинглашдан кўра фойдалироқ эканлигини биласизми?
Аудиокитобларни нима учун танлаймиз?
Ўз вақтида китобларни фонограф орқали эшитишни таклиф қилган Томас Эдисон ушбу усулнинг қанчалар оммалашиб кетишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Биргина Англияда аудиокитоб сотувидан тушадиган даромад кўрсаткичи 2013 йилдан 2017 йилга қадар 148 фоизга ўсган.
Бунинг сабаби ҳам тушунарли. Аудиокитобларни тирбандликда, навбатда турганда ҳам, уй ишлари билан банд бўлган ҳолатда ҳам эшитиш мумкин. Улар босма китобларга нисбатан арзон туради, жавондан жой эгалламайди. Аудиокитобларни яратиш ҳам осон. Бундан ташқари, кўриш қобилияти заиф бўлган инсонлар ундан исталганча фойдаланишлари мумкин.
Нима учун босма китобларни мағлуб қилиб бўлмайди?
• Аудиокитобга суратлар, жадваллар илова қилиш имкони йўқ;
• Аудиокитоб ўқиётган одамнинг овози матнни тўлиқ тушуниб олишга ҳалал беради;
• Аудиокитобнинг мазмунига тушуниш нисбатан кўпроқ вақт олади.
Энг муҳими:
Ўтказилган тадқиқотлар натижасида, аудиокитоб тинглаган одамлар бошқа иш билан банд бўлмасалар ҳам жараён давомида кўпроқ чалғишлари аниқланган. Инсон кўзлари билан ўқиган китобини қулоқлари билан эшитган овоздан кўра осонроқ эслаб қолади ва қабул қилади.
Аудиокитоблар маълум даражада устунликка эга бўлган формат – видео ҳисобланади. Лондон университети олимлари одамлар китобдаги ҳодисаларни экран орқали кўрсалар, уни яхшироқ тушунишларини исботлаб беришган.