Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида автобусларда бепул болалар боғчаси ташкил этилади

Мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Қарорга кўра, 2021/2022-ўқув йилидан республиканинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) мобил гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш тизими жорий этилади.

Қарор билан Мактабгача таълим мобил гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мобил гуруҳлар замонавий талабларга жавоб берадиган ва белгиланган нормативларга мувофиқ қайта жиҳозланган махсус автотранспортлар — автобуслар базасида ташкил этилади. Бир мобил гуруҳдаги болалар сони камида 16 нафар, кўпи билан 30 нафар бўлиши лозим.

Мобил гуруҳларга болалар қуйидагилар асосида қабул қилинади:

боланинг қонуний вакиллари аризаси;

 туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан бериладиган йўлланма;

бола соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотнома.

Мобил гуруҳларда ўқув йили ҳар йили 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майигача ҳамда ёзги соғломлаштириш даври 1 июндан 31 августгача ҳисобланади.

1 сменадаги машғулотлар давомийлиги 3 соатгача бўлиши лозим.

Ушбу мобил гуруҳларда давлат мактабгача таълим хизматлари бепул кўрсатилади. Мобил гуруҳларнинг иш тартиби 1 кунда 3 сменагача, ҳафта давомида 6 кунгача амалга оширилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2019 йил 18 сентябрдаги қарорига асосан, 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб, тегишли 13 та туманда замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган Isuzu HC 40 автобусларида мобил гуруҳлар тажриба-синов тариқасида ташкил этилганди.