​​Ўзбекистондаги боғчаларда қариндош-уруғчиликка қарши қандай курашилмоқда? Агриппина Шин жавоб берди

Ўзбекистондаги боғчаларда айрим ҳолларда «клан»лар мавжуд бўлиб, боғчаларни мерос қилиб қолдириш ҳолатлари кузатилган. Бу ҳақда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Халқаро пресс-клубнинг 4 август, чоршанба куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида сўз юритди.

«Дарё» мухбири Миролим Исажоновнинг «Мактабгача таълим тизимида непотизм, яъни қариндош-уруғчиликка қарши қандай ишлар олиб бориляпти?», деган саволига Агриппина Шин шундай жавоб қайтарди:

«Шу ва шунга ўхшаш қонун бузилишларига қарши курашиш учун мактабгача таълим тизимида ички аудит хизмати яратилган. Шунингдек, икки ой олдин вазирликда алоҳида коррупцияга қарши курашиш комплекс назорат бўлими ташкил этилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳам ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум тузилган.

Ҳақиқатан, аудит хизмати томонидан уч йил ичида жуда кўплаб қонунбузарликлар аниқланди. «Ўлик жон»ларни ёзиш ҳолатлари бор, буни инкор этмаймиз. Айнан шу йўналиш бўйича Ўзбекистон Президентининг 5144-сон қарорига асосан, бошқарув кадрларни танлаш учун шаффоф платформани кўриб чиқиш ва яратиш борасида ишлар олиб боряпмиз. Ростдан ҳам болалар боғчаларида баъзи ҳолларда «клан»лар мавжуд бўлган, боғчаларни мерос қилиб қолдиришган. Биз бу муаммоларни ҳам қайта кўриб чиқяпмиз», — деди Шин.

Унинг қайд этишича, таълим ташкилотларида қариндошлар бир-биридан молиявий мустақил бўлган ҳолатда ишлаши мумкин.

«Хабарингиз бор, ҳозир барча вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва туман, шаҳар бўлимлари раҳбарлари лавозими ижро мажбуриятлари лавозимигача туширилган. Раҳбарлик лавозимларига танлов уларнинг фаолияти натижаларига қараб, «аргос» шаффоф рақамли платформаси орқали амалга оширилади.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларини қайта кўриб чиқиш бўйича комплекс тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз. Аммо меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга кўра, таълим ташкилотларида қариндошлар бир-биридан молиявий мустақил бўлган ҳолатда ишлаши мумкин. Яъни дейлик, қизи тарбиячи бўлиб ишлайди, она эса мудира, яъни фақат педагогик йўналишда. Лекин она мудира, қизи эса хўжалик юритувчи ёки молиявий лавозимда ишлаши умуман мумкин эмас», — деди мактабгача таълим вазири.