Мусиқа фани ўқув дастурлари такомиллаштириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди
Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида мусиқа фани бўйича узлуксиз таълим дастурларининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Таълим инспекцияси, Маданият, Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирликлари мутасаддилари, Республика таълим маркази методистлари, Тошкент давлат педагогика университети, Жиззах давлат педагогика институти ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси профессор-ўқитувчилари, мусиқа фани ўқув дастурларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш бўйича жалб этилган экспертлар, олимлар ва амалиётчи мутахассислар иштирок этишди.

Тадбирни кириш сўз билан очиб берган Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Президентимизнинг ўғил-қизларимизга бирор чолғу асбобини чалишни ўргатиш, умуман, мусиқага ошно этиш борасидаги таклифи уларни маънан улғайтиришга, қалбларига эзгулик уруғлари экишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

– Тарихдан маълумки, умумжаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган аждодларимиз хоҳ адабиёт, хоҳ астрономия, тиббиёт, математика, геометрия, тарих, меъморчилик, наққошлик, қўйингки, қайси соҳа билан шуғулланмасин, албатта, бирор созни чалишни ўрганган.

Мусиқа илми ҳақида фундаментал илмий-назарий рисолалар ёзишган.

Мусиқани тушунган, бирор созни чалишни биладиган инсонларни тарбиялаш уларнинг ҳаммаси ҳам келгусида шу соҳа йўлидан кетиши керак дегани эмас. Мусиқа уларнинг таъби, талаби, дунёқарашини тарбияласа, шу ҳам катта ютуқ. Зотан, бу ҳар бир соҳа ривожида креатив фикрлайдиган, ўз ишига қалб қўри, юксак инсонпарварлик фазилатларини бахш этадиган кадрларни камолга етказишда айни муддаодир.

Болаларимизни ҳар томонлама етук шахс, замонавий инсонлар этиб тарбиялаш учун уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, жумладан, бадиий дидини — мусиқа яратиш, ижро қилиш ва тинглаш маданиятини тарбиялаш, санъат дунёсига ошно этиш бугунги кунимизда ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда.

Шундай экан ёшларимизга мусиқа фанини сифатли ўқитишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, — Таълим инспекцияси бошлиғи.

Тадбир давомида ҳар бир таълим босқичи мутахассислари умумий ўрта мактабларида, академик лицей, профессионал ва педагогика олий таълим тизими мусиқа фани бўйича узлуксизлик ва узвийликни таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.

 

Хусусан, миллий ўқув дастури ишлаб чиқиш жараёнида халқаро экспертлар кўмагида Япония, Германия, АҚШ, Англия, Финляндия, Швейцария, Венгрия, Сингапур каби давлатлар тажрибаси, ўқув дастурлари ўрганилгани маълум қилинди. Шунингдек, янги ўқув дастурининг амалдаги ўқув дастуридан фарқли жиҳатлари сифатида мавзуларни соддадан мураккабга тамойили асосида спиралсимон ўқитишга ўтилади, аввалги ортиқча илмийликка асосланган, ҳаётда қўлланилмайдиган мавзулар киритилмагани мисол сифатида келтириб ўтилди.

Муҳокамалар жараёнида мусиқа фанини ўқитишдаги мавжуд муаммолар бири сифатида айрим мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида мусиқа асбоблари, алоҳида хоналар ва жиҳозлар билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги таъкидланди.

Тадбир якунида, мусиқа фани бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.