2021 йилнинг биринчи чорагида 802 та МТТ аттестациядан ўтказилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сон қарори ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Мактабгача таълим вазирлигининг 2020 йил 6 январдаги “Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарорига асосан мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ички ва ташқи баҳолашдан ўтказиб келинмоқда.

2021 йил режасига асосан жорий йилнинг январ-март ойларида жами 802 та мактабгача таълим ташкилотлари аттестация жараёнларига жалб қилиниб, туман аттестация комиссиялари томонидан ташқи баҳолашдан ўтказилди ва хулосалари Таълим инспекцияси ҳузуридаги Аккредитация комиссиясига тақдим этилди.

Комиссия йиғилиш қарорига асосан 710 та мактабгача таълим ташкилотлари “аттестaциядан ўтди” ва аккредитацияланди, 92 таси эса “аттестaциядан ўтмади” деб эътироф этилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Андижон вилоятида 13 та, Бухоро вилоятида 2 та, Жиззах вилоятида 6 та, Навоий вилоятида 7 та, Наманган вилоятида 1 та, Самарқанд вилоятида 12 та, Сирдарёда вилоятида 10 та, Сурхондарё вилоятида 16 та, Тошкент вилоятида 15 та, Фарғона вилоятида 2 та, Хоразм вилоятида 1 та, Қашқадарё вилоятида 4 та, Тошкент шаҳрида 2 та мактабгача таълим ташкилотлари Аккредитация комиссияси томонидан “аттестациядан ўтмади” деб хулосаланди.

Ҳукумат қарори (07.06.2019 й, 470-сон) билан тасдиқланган “Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилоти аттестациядан ўтолмаган тақдирда директорнинг малакаси етарли эмас деб топилиб, у билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

Шунингдек, фаолиятига бир йил тўлмаган директор мажбурий равишда навбатдан ташқари малака ошириш жараёнларига жалб этилиб, МТТ бир йилдан кейин қайта аттестацияга жалб қилинади. Қайта баҳолаш натижаларига кўра, давлат МТТ аттестациядан ўтмаган тақдирда, директор билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилиниши кўзда тутилган.

Қайд этиш лозимки, мактабгача таълим ташкилотларининг охирги икки йиллик фаолиятини комплекс таҳлил қилиш асосида ўтказиладиган аттестация жараёнида қуйидагиларга алоҳида эътибор берилади:

таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги;

тарбияланувчиларнинг ривожланиш даражаси;

раҳбар ва тарбиячи-педагог кадрлар салоҳияти;

моддий-техника базанинг ҳолати ва тарбияланувчилар ривожланиши учун яратилган шароитлар;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, эстетик талабларга риоя қилиниши ҳамда овқатлантириш сифати;

миллий, маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминланиш ҳолати;

мактабгача таълим ташкилоти фаолияти юзасидан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровнома натижалари;

таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш дастурларининг ижроси