Дунё мамлакатларида болалар байрами қандай нишонланади?

Ҳар йили болалар куни бутун дунё давлатларида кенг нишонланади. Аммо бу кун бошқа мамлакатларда қандай нишонланиши ҳақида биласизми? Қуйида ушбу кун ҳақида муҳим маълумотлар билан танишинг.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни биринчи бўлиб 1925 йилда Женевада Болаларни ҳимоя қилиш бўйича Бутунжаҳон конференцияси пайтида эълон қилинган.

Болалар куни 1857 йил июнь ойининг иккинчи якшанбасида Челси шаҳридаги  доктор Чарлз Леонард томонидан бошланди.

Леонард болаларга бағишланган ва улар учун аталган махсус тадбир ўтказди. У аввалига ушбу кунни «атиргул» куни деб номлаган, аммо кейинчалик Болалар куни деб номланган.

20 НОЯБРЬ БАНГЛАДEШ

Бангладешда болалар куни ҳар йили 20 ноябрь куни ўтказилади. Болаларни ҳимоя қилиш кунининг асосий йўналиши - болалар ҳуқуқларининг аҳамияти тўғрисида жамоатчиликка хабар беришдир.

Бангладешда болалар байрамни мусобақалар ва мода намойишлари билан нишонлайди.

 

КАНАДА БОЛАЛАРИ БУ БАЙРАМДА ДАМ ОЛМАЙДИ

Канадада Болаларни ҳимоя қилиш куни «Миллий болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида танилган ва ҳар йили 20 ноябрда ўтказилади. Чунки шу куни Канада Парламенти 1993 йилда «Болаларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилган. Ушбу байрамнинг нишонланиши Канада болалари учун ҳаётда ва жамиятда фаол иштирокчи сифатида эканини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур кун Канада болалари учун дам олиш куни ҳисобланмайди.

 

ГEРМАНИЯДА «KINDERTAG»

Германияда болалар куни «Kindertag» номи билан танилган ва ҳар йили 1 июнь куни нишонланади. Ушбу байрам мамлакатда 1950 йилдан (Германия Демократик Республикасида) нишонлана бошлади ва шу вақтдан бошлаб немис болалари учун бу ҳар йили нишонланадиган воқеа бўлди. Шу куни немис болалари анъанавий равишда ота-оналаридан табриклар ва совғалар олишади. Шунингдек, улар мактабда экскурсиялар ва махсус тадбирлар уюштиради. Бироқ, мамлакатнинг кўп жойларида «Болалар куни» 20 сентябрда нишонланади, чунки бу байрам биринчи марта айнан шу кунда нишонланган.

ҲИНДИСТОН БОЛАЛАРИ БАЙРАМДА РАНГЛИ ЛИБОСЛАР КИЙИШАДИ

Ҳиндистонда болалар куни ҳар йили 14 ноябрда нишонланади. Ушбу сана мустақил Ҳиндистоннинг биринчи бош вазири Пандит Жаваҳарлал Неру туғилган куни билан боғлиқ. Неру болаларни жуда яхши кўрар эди. Байрам ҳиндистонлик болалар учун катта қувонч бахш этади. Ҳиндистон болалари одатда ота-оналаридан совғалар ва табриклар олишади. Кўпгина ўқувчиларга ўша куни мактабга рангли либосларда боришга рухсат берилади. Махсус тадбирлар орқали болаларга атиргуллар улашилади. Кўплаб мактабларда ўқувчиларнинг кўнгил ёзиши учун лагерга саёҳат ёки бепул фильмлар намойиши ташкил этилади.

 

ЁЗНИНГ БОШЛАНИШИ ПОЛЬША БОЛАЛАРИ УЧУН ЭНГ КАТТА БАЙРАМ

Польшада болалар куни «Dzien Dziecka» деб аталади ва 1 июнь куни нишонланади. Бу кун биринчи марта 1952 йилда «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида нишонланган. Польшада ҳам ушбу кун таътил ҳисобланмайди. Аммо ёзнинг бошланиши билан бу мамлакатда ўқув йили якунланади. Шунинг ўзи ҳам болалар учун «байрам».

Июнь ойининг биринчи ҳафтасида болалар учун истироҳат боғлари ва кўнгилочар марказларда тадбирлар ташкил этилади.

1 ИЮНЬ – ЎЗБEКИСТОНДА...

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни юртимизда алоҳида кўтаринки руҳда нишонланади. Хусусан, 1 июнь куни мамлакатимиз бўйлаб болалар учун истироҳат боғларида кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади. Имконияти чекланган болаларга мутасаддилар томонидан меҳр-мурувват кўрсатилади. Ташкилот ходимларининг болалари ҳордиқ чиқаришлари учун қизиқарли тадбирларга йўлланмалар тақдим этилади.

Марҳабо Мадаминова, ЎзЖОКУ талабаси

 

Манба : Kun.uz