
Мактаб ҳамшираси таълим муассасасидаги барча ўқувчилар соғлигини назорат қилувчи ва саломатлик билан боғлиқ масалаларда уларга яқиндан кўмак берувчи тиббиёт ходими саналади.
Мактаб ҳамширасининг фаолияти соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, тегишли қонун ҳужжатларида ушбу касб эгаларининг штат бирлиги ҳар бир таълим муассасасида бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган. Улар ўқув даргоҳларида соғлом муҳитни таъминлаш, ўқувчиларнинг саломатлигини назорат қилишда муҳим рол ўйнайди.
Фаолият йўналишлари
Мактаб ҳамшираси ўқувчиларнинг соғлиғини мунтазам равишда текшириб, уларда ҳар қандай касаллик белгилари пайдо бўлганда, зудлик билан тўғри чора кўриши лозим.
Шу орқали оғир касалликлар эрта босқичда аниқланиб, уларнинг олдини олиш имконияти ортади. У мактаб ҳудудида санитария ва гигиена қоидаларига риоя этилишини назорат қилади, шу орқали болаларнинг соғлом муҳитда таълим олишига ҳисса қўшади. Ўқувчиларни тўғри овқатланиш, соғлом кун тартиби ва спорт билан шуғулланишга тарғиб қилиш ҳам мактаб ҳамширасининг асосий вазифаларидан биридир.
Мулоқот жараёнидаги муҳим жиҳатлар
Бошланғич синф ўқувчилари билан ишлашда мактаб ҳамшираси қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор бериши лозим:
Ёш хусусиятлари: бошланғич синф ўқувчилари катталарга қараганда инфекцияларга кўпроқ мойил бўлади. Шу боис уларнинг соғлигини назорат қилиш, мунтазам равишда текширувлар ўтказиш, тозалик ва гигиенага риоя қилишини кузатиб бориш жуда муҳим.
Эмоционал ва психологик жиҳатлар: кичик ёшдаги болалар ўзини ёмон ҳис қилаётгани ёки бирор жойи оғриётганини тўлиқ баён қилишда қийналиши мумкин. Шунинг учун ҳамшира болаларнинг ҳолатини тўғри баҳолашда маълум муаммоларга дуч келиш эҳтимоли бор. Шунга қарамай, улар ўғил-қизлардаги ҳар қандай ўзгаришга тезкор муносабат билдириши керак.
Тиббий билим ва кўникмаларни ривожлантириш: мактаб ҳамшираси болаларга гигиеник кўникмаларни ўргатиши, ўқувчиларни қўл ювиш, тишларни парвариш қилиш, тўғри овқатланиш каби соғлом одатларга ўргатиши муҳим.
Сабр-тоқат ва муомала одоби
Бошланғич синф ўқувчилари билан ишлаш мактаб ҳамшираси учун муайян қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, кичик ёшдаги болалар айрим ҳолларда тиббий текширувдан ўтишни ёқтирмайди. Ота-оналар томонидан “ана дўхтир келди”, “ҳозир укол қилади” қабилидаги қўрқитишлар натижасида боланинг онгида тиббиёт ходими билан боғлиқ руҳий жароҳатлар каттариб боради. Шу боис ҳамширанинг болалар билан мулоқот қилишида сабр-тоқат ва муомала одоби муҳим аҳамиятга эга.
Учлик ҳамкорлиги
Мактаб ҳамшираси бошланғич синф ўқитувчилари ҳамда ота-оналар билан яқин алоқада бўлиши, болалар саломатлиги билан боғлиқ ҳар қандай масала бўйича уларга хабар бериб туриши зарур.
Ўқувчилар, ота-оналар ва мактаб ҳамшираси ўртасидаги самарали мулоқотни таъминлашда бошланғич синф ўқитувчиси асосий рол ўйнайди. Мактаб ҳамшираси ота-оналарга боланинг саломатлиги билан боғлиқ ҳар қандай янгилик ёки саломатлик ҳолатига тааллуқли ўзгаришлар ҳақида тезкор маълумот бериши керак. Агар “ҳамшира — ўқитувчи — ота-она” учлиги тўғри ишласа, боланинг саломатлиги билан боғлиқ барча муаммоларни тезда ҳал қилиш мумкин бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги