Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими мактабдаги устама ҳужжатларини текширишга ҳақлими?

#Савол 

Бизнинг туман ММТБ ходими мактаблардаги устама ҳужжатларини текширишни бошлади. Айрим мактаб директорларидан ишчи гуруҳ қабул қилган қарорларни бекор қилишини талаб қилмоқда. Унинг айтишича, ўқитувчиларга устамалар нотўғри тайинланган экан. ММТБ ходимининг бунга ваколати борми?

#Жавоб 

Биринчидан, раҳбар ва педагог ходимлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб етган ҳолда, ўзини текширувчиман деб таништирадиган ҳар қандай шахсга "лаббай" деб жавоб беравермаслиги керак.

Иккинчидан, текширувчи ўзи ким, қандай лавозимда ишлайди, унинг бу лавозими устама ҳужжатларини текширишга ваколат берадими, текширув ўтказиш бўйича унинг қўлида буйруқ мавжудми? Мана шу саволларга жавоб топиш керак.

Учинчидан, ўзини текширувчиман деб таништираётган шахснинг ҳаракатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги 352-сонли қарори билан тасдиқланган низом талабларига жавоб берадими? Агар бундай бўлмаса "текширувчига" эшикни кўрсатиб қўйиш керак.

✅Агар раҳбар ва педагог ходимлар бу масала бўйича етарли билимларга эга бўлмаса унда вазиятни қуйидагича тушунтирамиз:

Педагог, психолог ва кутубхона ходимларига устама белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларини мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам бериш умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади.

Бунда ҳудудий бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари ишчи гуруҳининг фаолиятига ҳамда улар қабул қиладиган қарорларга аралашишга йўл қўйилмайди. Яъни, улар устама ҳужжатларини ўрганишга ҳақли эмас. Ўқитувчиларга тайинланган устамаларни бекор қилиш бўйича кўрсатма беришга эса умуман ваколати йўқ.

Асос: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарори билан тасдиқланган "Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида"ги низомнинг 9-банди.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, Президентнинг 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сонли фармони билан туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими мактабларнинг устама ҳужжатларини текширишга ҳақли эмас.

Манба: xalqtaliminfo