Кун давомида билимларни ўзлаштириш даражаси

Инсоннинг жисмоний хусусиятлари таълим жараёни учун ҳам муҳимдир. Мактабларда дарс соатларини фанларнинг қийин-осонлигига қараб жойлаштиришда болаларнинг ўзлаштириш билан боғлиқ жисмоний ҳолати ҳам ҳисобга олиниши дарслар самарадорлигини оширади.

Инсон тана аъзоларининг фаоллиги туну-кун, яъни 24 соат давомида ўзига хос ўзгаришларга учрайди. Айрим вақтда улар натижа беришга ва тетикликка, бошқа вақтда эса уйқу ва дам олишга қаратилган бўлади. Бу биологик соатлар ҳар бир инсонда ҳар хил бўлиши мумкин. Кимдир "кундуз одами", кимдир" тун одами" эканлиги табиий. Бироқ ўзлаштиришда кўпчилик учун умумий бўлган фаоллик даражалари бор. 

Тадқиқотларга кўра:

–Эрталабки соат 7.00 дан сўнг инсонда иш қобилияти ошади.

–Соат 9.00 дан 11.00 гача "энг юқори даража", деб номланган оптимал иш қобилияти кузатилади. 

–Тахминан соат 12.00-13.00 ларда қобилият пасаяди.

–14.00-15.00 ларга бориб, энг пастки даражага тушади-чарчоқнинг аниқ ифодаланган ташқи белгилари кўринади (масалан, ишнинг секинлашиши, хатоларни сезмаслик, эснаш ва ҳ. к) 

–Соат 15.00 дан кейин қобилият бир оз кўтарилади, аммо тушликкача вақтдаги ҳолатга қайтмайди ва шу ҳолатда соат 17.00 дан 19.00 гача ўзгармайди. 

–Баъзиларда соат 20.00 дан сўнг яна" юқори фаоллик даражаси" пайдо бўлади ва у соат 22.00 гача сақланади. Аммо, бундай одамлар камдан-кам.