Агар юқори синф ўқитувчисининг ҳафталик дарс юкламаси 20 соат қилиб белгиланган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарорига мувофиқ, ўқитувчининг ҳафталик иш юкламаси ҳар бир ўқув соатини 0,8 коэффициентга кўпайтириш натижасида 16 соат қўшиш орқали 36 соат қилиб белгиланган.
Шунга мувофиқ ўқитувчи дақиқа ҳисобида 900 ёки 15 (астрономик) соат ўқувчилар билан ишласа, қолган 21 соатни иш юкламасида белгиланган бошқа вазифалар ҳамда мактаб раҳбарияти берган топшириқларни бажаришга сарфлаши лозим. Меҳнат кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.
Шундан келиб чиқиб, ходимни саккиз соатдан ортиқ ишлатиш мумкин эмас, Бу меҳнатга мажбурлаш ҳисобланади ва айбдор шахслар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жавобгарликка тортилади.
Албатта, иш ҳажмининг ортиши ёки муҳим топшириқлар ижросини кечиктириб бўлмаслигини инобатга олиб, иш берувчи асосий иш вақтидан ташқари қўшимча иш вақтида ҳам ходимнинг розилиги билан уни ишга жалб қилиши мумкин. Бунда қўшимча ишлаган иш вақти учун икки ҳисса иш ҳақи тўланиши лозим. Бу вақт қонун ҳужжатларига мувофиқ йилига 120 соатдан ошмаслиги керак.
Эътибор беринг. Меҳнат кодексининг 118-моддасига асосан юқори даражадаги ҳис-ҳаяжон, ақлий зўриқиш, асаб танглиги билан боғлиқ, яъни алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги айрим тоифадаги ходимлар учун (тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқалар) иш вақтининг муддати ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Бундай ходимлар рўйхати ва улар иш вақтининг аниқ муддати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.
Мактаб раҳбарлари, иш вақтининг қисқартирилган муддати қоидасига риоя қилинг.
Иш вақти ўқитувчилар учун юқори синфларда 6 соат, бошланғич синфларда 7.2 соатдан ортиқ бўлмаслиги қоидасини ҳам инобатга олиб қўйинглар. Бунинг учун ушбу рўйхат билан танишиб чиқишингизни маслаҳат берамиз.