Қорақалпоғистондаги мактаб директорига “Президент совғаси” — “Спарк” автомобили совға қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 39-умумтаълим мактаби ўқувчилари ахборот технологияларидан фойдаланиб, дастурлаш бўйича юқори кўрсаткич қайд этгани учун мактаб директори Сеиткамол Ешмуратов «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида Президент совғаси «Спарк» автомобили билан тақдирланди.

Мактабнинг бир гуруҳ педагоглари “Бир миллион дастурчилар” лойиҳаси бўйича эришган ютуқлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва Халқ таълими вазирлигининг Фахрий ёрлиғи ҳамда замонавий ноутбуклари билан тақдирланди.  

Ҳозирги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 25 мингдан ортиқ ўқувчилар рўйхатдан ўтиб, замонавий дастурлаш йўналишларини ўрганишмоқда, 10 162 нафар битирувчи сертификатларни қўлга киритган. Шундан Қўнғирот туманидаги 39-сон мактабида таҳсил олаётган 1 074 нафар ўқувчининг 820 нафар (76 фоиз) битирувчиси сертификатга эга.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида жами 727 та умумтаълим мактаби фаолият юритади. Ҳозирда 416 та мактаб замонавий компьютер техникаси билан таъминланган, 642 та (88%) умумтаълим мактабларига оптик тола тортилган ва 563 таси интернетга уланган.