Ўқувчилар кўтарадиган сумкаларнинг вазни неча килограмм бўлиши керак?

Кўпинча фарзанди бошланғич синфда ўқиётган ота-оналар болаларининг сумкалари оғирлигидан шикоят қилишади. Мавзуни ўрганиш мақсадида пойтахтимиздаги мактабларда бўлиб, ўқувчиларнинг сумкалари вазни қанчалигини кузатдик. Биринчи синф ўқувчиларининг айримларини сумкаси 3 кило-ю 300, бошқалариники эса уч ярим килограммни ташкил этар экан.

 

Тўғри, сумкада китоб-дафтардан ташқари термос ёки баклажкада қайнатилган чой, нон, ширинлик ёки спорт формалари ҳам бор. Барчаси ўқувчи учун зарур буюмлар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, булардан воз кечиш мушкул.

Хўш, 7-8 ёшли болаларнинг оғир сумка кўтаришлари саломатлигига таъсир қилмайдими? Умуман, ўқувчилар кўтарадиган сумкаларнинг вазни неча килограмм бўлиши керак?

 

Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида травматолог-ортопед Суҳроб Солиевга мурожаат қилдик.

 

– Суҳробжон, травматология соҳасида ўқувчиларни сумка вазни билан боғлиқ қандай ўрганишлар ёки таҳлиллар мавжуд?

– Болаларнинг биринчи синфдан учинчи синфгача бўлган даври муҳим саналади. Бу даврлар ҳақида олимларимиз жуда кўп изланишлар олиб боришган. Халқаро соғлиқни сақлаш ва биомеханика журналида 2018 йилда чоп этилган мақола айнан ушбу мавзуга бағишланган. Олимлар томонидан охирги 30 йил ичида олиб борилган 3 та халқаро тадқиқотлар натижалари берилган.

 

Тадқиқот натижаларига кўра, боланинг вазни 20-22 килограмм бўлса, у кўтарадиган сумканинг оғирлиги 2 килограммдан ошмаслиги керак. Биринчи синф болаларининг кўпчилиги вазни 20-24 килограммни ташкил этади. Демак, улар 2 килограмм сумкани кўтаришлари мумкин. Иккинчи хулосага кўра, 1 синфдан 3 синфгача сумканинг вазни бир ярим килограммдан ошмагани маъқул, деган фикрга келинган. 3 синфдан 5 синфгача 3 килограммдан ва 5 синфдан 9-10 синфгача 4-5 килограммдан ошмаслиги керак, деган тавсияларни беришган.

 

— Сумкага китобларни тўғри жойлаштириш ҳам бола соғлиғи учун муҳимлиги ҳақида эшитгандим. Бу фикр нечоғли ҳақиқатга яқин?

– Бугунги кунда боладан кўп китоб ўқиш талаб қилинмоқда. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, китобларни сумкага жойлаштириш механизми ҳам бор. Папкага энг биринчи бўлиб оғир китоб ва буюмларни солиш керак. Кейин енгилроқ нарсалар солинса, худди пирамидага ўхшаб сумка пастга тушади. Болалар сумкани таққан пайтида энг оғир юк унинг умуртқасига яқин жойда турса, вазнни бирдек ушлаб туради, натижада иккиламчи қийшайишлар бўлмайди.

 

 

– Ҳозир сумкаларнинг замонавий турлари кўпайиб кетган. Ўқувчилар мактабга қандай сумка тутишлари керак?

– Ўқувчиларга иккита боғламли (ранис) сумкаларни тақиш тавсия қилинади. Иккита боғламли сумка тақишнинг ҳам ўз услуби бор. Айнан боғланган жойи боланинг қўлтиғи тагида туриши керак.

Баъзи болалар уни стандарт қилиб осиб юришади. Сумка боланинг белидан паст қисмида осилган ҳолда турса, ўз-ўзидан танаси орқага тортилади, кейин бошини олдинга оғдириб юришга тўғри келиб қолади. Сумкадан бундай фойдаланиш боланинг бел, кўкрак соҳаларида ассиметрик ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Шу боис сумканинг ипларини тортиб, яхшилаб боғлаш керак. Бола орқасида папка турганини ҳис қилиши зарур.

Битта боғламли сумкалардан фойдаланиш, яъни ўнг ёки чап тарафга осиб юришлар, иккиламчи ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

 

 

– Сумка ипининг узунлиги неча сантиметр бўлиши тавсия этилади?

– 1-2-3-синф ўқувчиларининг сумкаси узунлиги иложи борича 25 сантиметрдан ошмаслиги керак. Ўрта мактаб давридагиларга 30-35, ундан катта синфларга 40 сантиметрдан ошиб кетмаслиги бир метрга етмаслиги тавсия этилади.

 

– Бошланғич синф ўқувчиларини оғир сумкалардан халос қилиш учун қандай тавсиялар берасиз?

– Агар имкон бўлса, мактабларда ҳар бир ўқувчи учун китоб-дафтарлар туришига мўлжалланган қулфланадиган шкафлар ташкил қилинса… Бола мактабга борганидан кейин асосий юкини шкафнинг ичига солиб, керакли нарсасидан фойдаланиб, яна уйига олиб кетса қулай бўларди. Бу таклифлар ҳам олимлар томонидан ўрганилиб, тавсия сифатида берилган.

 

– Оғир сумка кўтариш ўқувчиларда қандай касалликларни келтириб чиқариши мумкин?

– Ота-оналар иложи бўлса, ойига бир маротаба боласининг сумкасини ўлчаб кўришлари керак. Бола бир кунда қанча юк кўтаряпти? Шунга қараб назорат қилиш зарур. Боланинг бел думғаза қисмида бурчак бор. 4 килограммдан ошган сумкани 25 килограмм тана вазнига эга бола тутиб юриши натижасида ўша бурчак кенгайиб, кейинчалик бел думғаза соҳасида умуртқалар орасидаги ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Сумкани бир тарафда узоқ вақт тутиб юриш ҳам умуртқа поғонаси ва кўкрак қафаси соҳасида, суяк ёки тоғай тўқималарида ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Бола катта ёшга қадам қўйган пайтда остеохондроз ёки сколятив ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Юқори синф ўқувчилари бир томонлама, яъни елкасига сумка осиб юришлари келажакда ортопедик ўзгаришларга олиб келади. Шу боис уларга ҳам икки томонлама ранис типидаги сумкаларни тақишни тавсия қиламиз.

 

Оғир сумка кўтариш нафас олишга ва асаб тизимларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу боис ота-оналардан болаларнинг сумкасини доим назорат қилиб туришини тавсия қиламиз.

Манба: https://idum.uz