Синф раҳбарлари фаолияти тўғрисида

Халқ таълими вазирининг 2021-йил 22-февралдаги 41-сон буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг синф раҳбарлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги” низомга кўра синф раҳбари қуйидаги мезонларга асосан танлаб олинади:

- камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган; 

- мактабда тўлиқ ставкада асосий ишчи сифатида фаолият олиб бораётган; 

- одоб-ахлоқи ва хулқи билан ўқувчиларга шахсий намуна бўла оладиган; 

- руҳий жиҳатдан барқарор бўлган; 

- ўқувчилар билан ишлаш жараёнига масъулият билан ёндаша оладиган.

Шунингдек, бир ўқитувчига фақатгина битта синф раҳбарлиги топширилади. Ўқитувчилар орасидан таълим муассасаси директори томонидан синф раҳбарлари тайинланади ва озод этилади.

Директор ўринбосарлари, психологлар, ёшлар етакчиси синф раҳбари бўлиши мумкин эмас. Синф раҳбарлари фаолиятини маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари назорат қилади ва мувофиқлаштиради.

Бошланғич синфга тайинланган синф раҳбари 1-синфдан бошлаб 4-синфгача ўқувчиларга ягона раҳбар ҳисобланади. Худди шундай тартиб 5-синфдан 11-синфга қадар ҳам қўлланилади. 

Ўрта ва юқори синфларда синф раҳбарининг ўзи таълим берадиган фани доирасида ҳам ўқувчилари билан яқиндан ишлашини инобатга олган ҳолда ўқувчиларни гуруҳларга бўлиб ўқитишни талаб этадиган фан (жисмоний тарбия, технология, чет тили, информатика ва ахборот технологиялари ва бошқалар) ўқитувчилари ҳамда ўриндошлик асосида фаолият олиб бораётган педагог ходимларга синф раҳбарлигини бириктириш мақсадга мувофиқ эмас.

? Биз билан янгиликлар яна-да яқин.