
Огоҳлантиришларга қарамай йўл қўйган камчилиги учун Кармана тумани халқ таълими бўлими мудири, методисти ҳамда бош ҳисобчиси Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти топшириғига кўра ишдан олинди
Бугун Kun.uz интернет нашрида «Тузалмайдиган» таълим тизими: Карманалик ўқитувчиларга қиммат китоб, «карман»га бир машина пули” номли сарлавҳа остида журналистик суриштирув эълон қилинди.
Унда Навоий вилояти Кармана тумани ХТБ Халқ таълими вазирлигининг топшириғига зид равишда чет тили ўқитувчиларига тарқатилаётган 1 млн сўм маблағни нақд кўринишида бериб, бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Мазкур маълумот Халқ таълими вазирлиги топшириғига кўра, ишчи гуруҳ тузилиб, зудлик билан ўрганилди. Ўрганиш хулосаларига кўра, ҳолат ўз тасдиғини топди. Шу боис Халқ таълими вазирлигининг бир неча бор мазкур ҳолат юзасидан огоҳлантиришига қарамай ушбу ҳолатга йўл қўйганлиги учун Кармана тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи ўз вазифасидан озод этилди. Кармана тумани ХТБнинг бош ҳисобчиси ва хорижий тиллар методистини лавозимидан озод этиш юзасидан вазирлик раҳбарияти томонидан топшириқ берилди.
Халқ таълими вазирлиги юқоридаги каби ҳолатлар қайтарилиб, ўз тасдиғини топган тақдирда кескин ва аёвсиз чора кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантиради!