Асосий фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичига старт берилди

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни 9-,10-,11-синф ўқувчилари ўртасида асосий фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичи бошланди.

Мазкур олимпиада умумтаълим фанларидан биринчи гуруҳ фанлари нуфузли халқаро олимпиадалар ташкил қилинадиган математика, физика, кимё, биология, информатика бўйича ўтказилади. Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтадиган синовлар 2 турда, яъни ёзма иш ва тест, фақат информатика фанидан дастурлашга оид амалий топшириқлар асосида ташкил этилади.

Жорий ўқув йилида илк бор асосий фан олимпиадасида иштирокчиларга тақдим қилинаётган ёзма иш ва тест топшириқлари қийинлик даражасига кўра табақалаштирилган баллар асосида баҳоланишига имкон берилди. Аввалги синовларда ёзма иш 5 та топшириқ 10 баллдан 50 балл билан баҳоланган бўлса, эндиликда 7,7,10,10,16 баллар билан жами 50 балл билан баҳоланади.

Шунингдек, асосий фан олимпиадасининг III босқичи натижаларига кўра синфлар кесимида 1-5 ўринни эгаллаган ўқувчилар 30 ноябрь куни халқаро олимпиадаларда иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасини саралашнинг биринчи босқичида қатнашади.

Терма жамоани саралаб олиш, улар билан тизимли равишда маҳаллий ва хорижий профессорларни, тажрибали тренер-ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда махсус қўшимча машғулотлар ўтказиш режалаштирилган. Саралаш босқичида иштирокчиларга синфидан қатъий назар халқаро олимпиадалар методологияси асосида тузилган 5 та топшириқ тақдим этилади. Ҳар бир фан бўйича энг яхши натижани қайд этган дастлабки 25 нафар иштирокчи саралашнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритади. 

Иккинчи гуруҳ фанлари она тили ва адабиёт, тарих, география, хорижий тиллар, рус тили ва адабиёти, қардош тиллар бўйича асосий фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичи жорий ўқув йилининг февраль-март ойларида ўтказилиши режалаштирилган.