Синфларда ўқувчилар сонини 24 нафар қилишга қўшимча 9 трлн сўм маблағ кетади — Шерзод Шерматов

22 май куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, мулоқот давомида ёшлар томонидан мактабда инглиз тили каби физика, математика фанларини ҳам бўлиб ўқитиш иложи бор ёки йўқлиги ҳақида сўралди. 

“Иккига бўлиб ўқитишга қарши эмасман. Лекин мана менга битта синфда 24 нафар ўқувчи ўқисин, дейишади. Буни ҳисоблаб чиққанимизда, қўшимча 9 триллион сўм маблағ кетар экан. Ҳамма нарса маблағга бориб тақалади. Ҳар бир идора бюджетдан кўпроқ пул талаб қилади. Сиз таклиф қилган нарсага ҳам камида бир неча триллион маблағ талаб қилинади. Бюджет чекланган. Физика ёки математика ҳам келажакда бўлиб ўқитилиши ҳам мумкин”, деди халқ таълими вазири.

Бундан олдин, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қонунчилик палатасидаги ҳукумат соатида мактаблар таъмири учун 37 триллион сўмга яқин маблағ зарурлиги, ХТВ инвестиция дастурининг йиллик қиймати эса йилига 2 трлн сўм атрофида эканини билдирганди.