Тарих фани бўйича ўқув дастурлари узвийлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди

Жорий йилнинг 19 май куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида тарих фани бўйича ўқув дастурларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш бўйича давра суҳбати ўтказилди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти директори Aзамат Зиё, институтнинг қатор етакчи олимлари, Тошкент давлат педагогика университети, Термиз давлат университети педагогика институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейларнинг тажрибали ўқитувчилари ва профессор, Республика таълим маркази ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларининг фаол ўқитувчилари иштирок этди.

Муҳокамалар давомида таълим вазирликлари ўз таълим обектлари бўйича меъёрий ҳужжатлар тайёрлаш жараёнида бир қанча ижобий натижаларга эришган бўлсаларда, соҳада узлуксиз таълим жараёнида узвийликни таъминлашда қатор муаммолар кўзга ташланаётгани таъкидланди. Бу эса бевосита таълим сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Таълим инспекцияси бошлиғи мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтар экан, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида таълим сифатини таъминлаш учун ўқув дастурлари шаклан эмас, мазмунан ўзгариши лозимлигини таъкидлади.

image_2021-05-20_10-29-37.png

– Таълимнинг мазмунини ўқув дастурлари белгилар экан, уларнинг таълим турлари ўртасида боғлиқлиги, фанлараро ва босқичлараро узвий бўлиши муҳим. Таълим босқичлари мазмуни таҳлилида 10-15 фоиз мавзуларнинг такрор берилаётганлиги, 40-50 фоиз мавзуларда узвийлик таъминланмаганлиги таҳлилларда кўринди. Фан дастурларининг узвийлиги таъминланмаганлиги таълим сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Таълим турлариаро мавзуларнинг такрорланиши, айрим мавзуларга ҳаддан зиёд кўп соатнинг ажратилгани, фан мазмуни деярли назарий маълумотларга асосланганлиги ҳамда халқаро тадқиқотлар сингдирилмаганлиги каби муаммолар вужудга келмоқда.

Aйни пайтда консепсиялар ва ўқув дастурлари лойиҳалари Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистоннинг энг янги янги тарихи мувофиқлаштирувчи-методик маркази, Термиз давлат университети ва Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаларига экспертизага берилган. Жойлардан олинган экспертиза хулосалари Халқ таълими вазирлигига 59 та таклиф ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 8 та таклиф жўнатилган. 

Таълимнинг барча босқичларида кенг кўламли ислоҳотлар бўлмоқда, бу жараёнда нафақат шаклан ўзгариш балки сифатни таъминловчи мазмун ўзгаришини ҳам қилишимиз керак. Кўраяпмизки, муҳокамалар бор, фикрлар турлича. Бу албатта яхши, чунки, соғлом баҳс орқали фан дастурларининг янада такомиллашишига ва натижанинг самарадор бўлишига хизмат қилади, – деди Улуғбек Ташкенбаев ўз нутқида.

photo_2021-05-19_22-05-16.jpg

Тадбир давомида яна таъкидланишича, тарих фанидан такрорланган мавзулар 108 та, узвийлиги таъминланмаган мавзулар 1 та, янги киритишга ёки такомиллаштиришга таклиф этилган мавзулар 50 та, қисқартирилиши таклиф этилган мавзулар 1 та, бошқа таълим турига ўтказиладиган мавзулар 1 та, синфдан-синфга ёки курсдан курсга ўтказиладиган мавзулар 51 тани ташкил этади.

Шунингдек, ўқув дастурлари ва консепсия республикадаги илмий ва таълим муассасаларига экспертизага жўнатилиб, дастурлар бўйича жами 78 та камчилик аниқланган. Мазкур камчиликлар тегишли вазирликларга тақдим этилди ҳамда улардан 39 таси дастур мазмунига киритилди. 28 таси асослантирилган.

photo_2021-05-19_22-05-16 (2).jpg

 

Экспертиза хулосалари асосида вазирликлардаги ишчи гуруҳлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарлигида Консепсия ва ўқув дастурларни такомиллаштиришди ҳамда тарих фани бўйича яхлит “Узлуксиз таълим дастурлари” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

photo_2021-05-19_22-05-15.jpg

Мазкур лойиҳа нуфузли мутахассис олимлар томонидан таҳлил қилиниб, тақризланганидан сўнг инглиз тилига таржима қилинади ҳамда экспертизадан ўтказиш учун хорижий мутахассисларга юборилади. Сўнгги босқичда вазирлар томонидан тасдиқланган ўқув дастурлари таълим жараёнига босқичма-босқич татбиқ этилади.