Қишлоқларда тил ўргатувчи ўқув марказлари очиш учун 50 млн сўмгача субсидия берилади

Қишлоқларда хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш амалиёти йўлга қўйилади.

Чет тилларига оид президент қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига шундай вазифа юклатилди.

Бундан ташқари, хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича ишларни самарали ташкиллаштириш мақсадида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари – 2021 йил 1 июлга қадар Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан биргаликда жорий йил иккинчи ярми учун мўлжалланган ҳудудларда хорижий тилларни ўргатишни оммалаштириш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқади, кейинчалик эса ҳар йили 15 январга қадар бундай «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиб, тасдиқлайди;

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари – ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича тегишли ҳудудда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботини эшитиб боради.