
Нодира Исамуҳаммедова – филология фанлари номзоди, Буюк Британиянинг Лидс университети магистри. Айни пайтда Канадада онлайн таълим бўйича мутахассис.
5 йилдан бери Канадада истиқомат қилаётган ҳамюртимиз Канадада яшаш тарзи, хотин-қизларнинг илм олиши зарурати, Ўзбекистон ва Канада таълими ҳақидаги фикрларини UzbekLife билан ўртоқлашди.
«Канадага келишдан мақсад – янги тажриба орттириш»
— ЎзДЖТУда бакалавр ва магистрда инглиз тили таржима назарияси ва амалиёти йўналишини тамомлаганман. 1999 йилдан бошлаб ЎзДЖТУда ўқитувчи сифатида иш фаолиятимни бошладим. 2004 йил Англиянинг Лидс университетида (University of Leeds) магистратура босқичида таҳсил олиш учун грантни қўлга киритдим.
Ушбу грант Британия кенгаши (British Council) томонидан таъсис этилган. Шу асосда 2004-2005 йилларда инглиз тилини чет тили сифатида ўқитиш (MA in TESOL) йўналишида таҳсил олдим ва имтиёзли диплом билан ўқишни тамомладим.
Ўқишни тугатгач, Ўзбекистонга қайтиб келдим, бир неча йиллар давомида ЎзДЖТУда ўқитувчи бўлиб ишладим. Шунинг баробарида Британия кенгаши лойиҳаларида иштирок этдим: тренер, дарслик, дастурлар тузувчиси, лойиҳа координатори, координатор сифатида миллий, халқаро ва минтақавий лойиҳаларда фаолият олиб бордим.
2011 йилда турмуш ўртоғимнинг касби тақозоси билан Миср Араб Республикасига кўчиб ўтдик, у ерда бир неча йил яшадик. Ўқитувчилик фаолиятимни юритмасам ҳам, Мисрдаги Британия кенгаши тадбирларида иштирок этдим. Ундан кейин эса Канадага кўчиб келдик. Охирги 5 йилдан бери шу ерда яшаймиз.
Бу ерга келишимизнинг сабаби – тажриба орттириш. Шу ерда яшаб кўрайлик, ўзимиз учун, фарзандларимиз учун тажриба, мактаб бўлади, деб ўйладик.
Канаданинг танлов асосида виза бериш дастурлари бор. Юқори малакали мутахассисларга Канадада яшаш ва ишлаш учун шундай виза тақдим этилади. Биз шундай виза асосида келганмиз. Бу ерда ҳам инглиз тилидан сабоқ бераман.
4 йилдан ортиқ вақтдан буён онлайн дарс ўтаман. Иш жойимда онлайн таълим бўйича бош координаторман. Ташкилотимизда 35 нафар ўқитувчига онлайн таълим бўйича ўз тавсияларимни бериб бораман, онлайн тизимга ўтишда кўмаклашаман.
«Кўпчилик мен олий маълумотли эмасман ва ниманидир ўрганолмайман, деб ўзига девор қўйиб олади»
— Илм олиш хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, иккисига баравар фарз қилиб берилган. Бу ҳам диний эътиқод жиҳатидан, ҳам давлат қонунчилигида белгиланган талабларда белгилаб ўтилган. Ўзи илм олиш нима дегани? Кўпчиликда нотўғри фикр туғилади: одатда, таълим олиш деганда ОТМга бориб анъанавий таълим олиш тушунилади. Албатта, дипломли мутахассис бўлиш ҳам шахснинг, ҳам жамиятнинг ютуғи. Аммо илм олиш бу билан чегараланиб қолмайди. Уйда ўтириб туриб ҳам интернет орқали керакли билимларни олиш мумкин.
Аёл кишига илм олиш керакмас, уй ишини қилса етади, дейишади. Имкониятлар кенгайган даврда яшаяпмиз. Уйда ўтириб ҳам билим олиб, шахсий ривожланиш мумкин. Уй бекалари учун оила психологияси, тўғри овқатланиш, бола психологияси, тиббиётдан базавий тушунчаларни олиши жуда муҳим. Буларнинг бари – илм.
Ким бўлишидан қатъи назар, инсон доимий ўз устида ишлаши, интилиб яшаши керак. Ҳеч нарсага қизиқмайдиган, ҳеч нарсани ўрганмаётган одамларни кўрсам, асабийлашаман.
Кўпчилик мен олий маълумотли эмасман ва ниманидир ўрганолмайман, деб ўзларига девор қўйволишади. Аслида, олий маълумотга эга бўлмасдан туриб ҳам турли жабҳаларда муваффақиятларга эришиш мумкин ва шундай инсонлар орамизда бор.
Аёл нима учун илм олиши керак? Аввало, ўзини ҳурмат қилиши, ҳақ-ҳуқуқини таниши, бировларга ўзини камситиб қўймаслиги, бировлар зулмига қарши тура олиши учун керак.
«Инсон кўча супурувчи бўлса ҳам, ўз ишининг устаси бўлса, нони бутун бўлади»
— Бутун дунёда барча нарса шиддат билан ўзгариб бормоқда. Бир неча йил олдин керак бўлган касблар ҳозирга келиб кераксизга айланмоқда. 5-10 йилдан кейин эса биз тасаввур қилолмаган касблар пайдо бўлади.
Масалан, бугунги кун ўқитувчилари янги педагогик технологиялардан хабардор бўлишлари, доимий малакаларини ошириб боришлари ёки уй бекалари бола тарбиясида ўзгараётган энг сўнгги билимлардан бохабар бўлиши керак. Онамиз ёки бувимизнинг тажрибаси бугунги кунга келиб эскирган бўлиши мумкин. Чунки фан, техника, илм тўхтамаяпти, доимий ўзгариб боряпти. Шуларнинг мевасидан, албатта, баҳраманд бўлишимиз керак.
Инсон ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан ўзини қониқтира оладиган даражада бўлиши, соғлом, бахтли яшаши керак. Майли, у бой бўлмасин, лекин ўзига тўқ яшаши жуда муҳим. Агар инсон ўз ишининг устаси бўлса, оддий кўча супурувчиси бўлса ҳам, нони ҳамиша бутун бўлади.
Кўча супурувчи ҳақидаги гапим жуда баландпарвоз гапдай туюлиши мумкин. Япониялик Мари Кондо исмли аёл бор. Унинг уйни тозалаш бўйича ёзган китоби АҚШда жуда машҳур бўлиб кетди. АҚШнинг Netflix телеканали орқали бу ҳақида кўрсатувлар тайёрланди. У одамларнинг уйига бориб, уйни қандай йиғиштириши (ўзи йиғиштирмайди!) бўйича маслаҳатлар беради. Шунинг ортидан бой бўлиб кетган.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, агар инсон ўзи ишининг устаси бўлса, фаровон ҳаёт кечиради.
Албатта, бунинг учун ўз устида ишлаш, тинмай янги нарсаларни ўрганиш зарур. Бутун умр давомида янги билимларни ўрганиш соғлиқ учун ҳам фойдали. Психотерапия, неврология шифокор-мутахассислари маслаҳатига кўра, соғлом бўлишимиз учун миямиз соғ бўлиши керак. Мия соғ бўлиши учун уни мушак сифатида доимий машқ қилдириб туриш зарур. Ҳар куни бир хил ишни автоматик бажарсак, миямизни «аллалаб» қўямиз. Ваҳоланки, ҳар куни янги билимларни олиш ҳам жисмоний, ҳам руҳий соғломликни бахш этади.
Неча ёшда бўлишдан қатъи назар, билим олиш керак. Масалан, тил ўрганиш мияни чархлаш учун энг самарали воситалардан бири.
«Аёл илм олиши, ишлаши учун яқинлар кўмаги жуда зарур»
— Турмушга чиққанимдан бир неча ой ўтиб, Британия кенгаши қошидаги кутубхонага борганимда, инглиз тили ўқитувчилари учун магистратурада таълим олиш имконияти борлиги ҳақида эълонга кўзим тушганди. Ҳужжатларимни топширдим. Ўзбекистондан битта грант ажратилган бўлиб, уни мен қўлга киритдим. Келин бўлиб тушган оилам ҳам зиёли бўлиб, ўқитувчилар сулоласи ҳисобланишади.
У ерда илмнинг қадри баланд бўлиб келган. Ўқиш, иш асосий ўринда бўлган. Албатта, уй ишларини ҳам ўз вақтида бажарганмиз. Келин бўлиб тушганимда, аспирантурада ўқирдим. Грант ютганимда, қайнотам мен билан бирга кимдир бориши шарти билан рухсат берган. Шундай қилиб турмуш ўртоғим билан Англияга кетганмиз.
Лекин бир неча ойдан кейин турмуш ўртоғим ҳам грант ютиб, АҚШга кетишлари керак эди. Вашингтондаги Халқаро молия фондида амалиёт ўташга кетди. Англияда бир ўзим қолмаслигим учун онам олдимга келган. Бу мен учун жудаям катта куч берган.
Ўзбекистонга қайтганимдан кейин ҳам вилоятларга хизмат сафари чиқарди. Бунда ҳам қайнотам олдингизда кимдир бўлса, боринг, деб рухсат берарди. Гоҳида онам, гоҳида турмуш ўртоғим ишини тўғирлаб, мен билан боришарди.
Ўзи умуман, аёлга яқинлари томонидан илм олиши, ишлаши учун шароит яратиб берилиши керак, деб ўйлайман. Яъни чегаралаш эмас, балки имкон бериш зарур. Уй ишларида ҳам турмуш ўртоқ ва яқинларнинг ҳамжиҳатлиги муҳим. Уй юмушларида аёлга кўмак бўлса, у ўқиши, ишига вақти бўлади.
«Канадада инсон қадри юксак даражада»
— Бир неча давлатларда яшаб, саёҳат қилган инсон сифатида айтишим мумкинки, Канадада бўлганичалик бир-бирига дўстона муносабатдаги одамларни ҳеч қаерда учратмайсиз. Буни кўпчилик тан олади. Канаданинг энг катта ютуғи – одамлар бир-бирига меҳрибонлиги бўлса керак.
Торонто шаҳрида яшаймиз. Дунёдаги энг кўп миллат вакиллари яшайдиган шаҳарлардан бири. Миллатлараро бағрикенглик давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланади. Ҳеч қайси инсон камситилишига йўл қўйилмайди. Бу қонун билан белгилаб қўйилган. Инсон қадри анча баланд бу ерда. Одамлар шунинг учун ҳам бемалол яшашади.
Ҳар бир миллат вакили ўзлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Мактабларда Канадага янги келган муҳожир оила фарзандларига уйда ўз она тилида суҳбатлашиш тавсия қилинади. Инглиз тилини тезда ўрганиб кетиш мумкин, дейилади. Демак, ҳар бир инсоннинг ўзлигини сақлаб қолишига давлат даражасида эътибор берилади. Ҳамма бир хил бўлиши, бир хил диний эътиқодга амал қилиши шартмас. Канада жамияти динлар, миллатлар, фикрлар хилма-хиллигига асосан қурилган.
Ўзбекистонда одамларни қолипга солишга ҳаракат қилиш кучли. Ҳамма бундай кийиниши, гапириши керак, деган қатъий талаблар жамиятнинг бўлинишига олиб келади. Бу тараққиётга тўсқинлик қилади, деб ўйлайман. Глобал дунёда фикрлар хилма-хиллигига қарши чиқиш оқимга қарши сузишдай гап. Жамият хилма-хилликни қадрият сифатида ҳурмат қилиши керак.
«Ўзбекистонда хорижий тиллар бўйича миллий тест тизими жорий этилганига қаршиман»
— Ўзбекистонда сўнгги 10 йил ичида инглиз тилини билиш даражаси анча ўсган. Хорижий университетларнинг очилиши, халқаро тил сертификатлари маҳаллий ўқув дастурлари таркибига киритилиши ўсишга сабаб бўлди. Инглиз тилида сўзлашувчилар салмоғи ошяпти, тенденция шунақа руҳда давом этиши керак, деб ўйлайман. Чунки инглиз тили ҳамма соҳа бўйича дунёга кенг эшикларни очади.
Ўзбекистонда жорий этилган CEFR ва яна бошқа аттестация бўйича миллий тест тизимига қаршиман. Халқаро стандартлар, сертификатлар турганда буларнинг кераги йўқ. Велосипедни қайтадан кашф қилишга ўхшайди бу ҳолат.
Тест тузиш бюджетдан катта маблағ, малакали мутахассислар, вақтни талаб этади. Тестларни доимий янгилаш, устида ишлаш керак. Бу ҳам алоҳида малакани талаб этади. Афсуски, Ўзбекистонда халқаро талабларга риоя қилган ҳолда халқаро тил билиш даражасини аниқловчи тестлар етарлича тузилмайди. Мутахассис ва маблағ етишмаган шароитда эса тайёр халқаро тест тизимига мурожаат қилган ҳар томонлама фойдали.
«Канадада ўқув дарсликлари йўқ»
— Инглиз тили дарсликлари ҳақида гапирадиган бўлсам, бундай дарсликларни инглиз тили эгалари ҳамкорлигида ишлаб чиққан маъқул, деб ўйлайман. Хориж давлатларида, хусусан Канадада ҳам дарсликлардан воз кечиб бориляпти. Чунки сифатли дарсликни ишлаб чиқиш учун йиллар керак ва бу орада методикалар ўзгариб, тезда эскириб қоляпти. Дарслик ўрнига мавжуд энг сўнгги ўқув қўлланмалардан фойдаланиш тенденцияси кетяпти.
Ўқитувчи ўз фани бўйича ўзгаришларни доимий кузатиб бориши, ўқув қўлланмалардаги маълумотларни ўқувчиларига мослаштириш устида ишлаши зарур. Шундай ўқитувчиларни тайёрлашга эътибор қаратишимиз керак.
Канада мактабларида ўқув дарсликлари мавжуд эмас. Ўқитувчи ўқув дастурлари асосида ўқувчиларнинг эҳтиёжидан ва реал воқеликдан келиб чиққан ҳолда материалларни танлаб, ўқитиш йўналишини мустақил белгилайди. Бунда ўқитувчи ўз устида яхшироқ ишлайди, дарсликларга боғланиб, чегараланиб қолмайди.
Олийгоҳларда ҳам мажбурий дарсликлар йўқ. Мактабларда 9-синфдан бошлаб ва олийгоҳда ўқувчилар истаган фанларини танлаб ўқишади. Бу тизим ёшларда мустақилликни шакллантиради, мустақил, танқидий фикрлашни бошлайди.
Ўқувчида нима учун бу дарсликни ўқишим керак, менга келажакда керак бўладими, деган танқидий қарашни ўстириш зарур.
«Канада таълим тизимида волонтёрликнинг ўрни катта»
— Канада таълим тизимида волонтёрлик ҳам муҳим ўринга эга. Ишга, ўқишга кираётганда маълум соат волонтёрлик қилган бўлишингиз керак. Ҳаёт давомида кимдандир ёрдам олган бўлсангиз, уни волонтёрлик орқали қайтариш керак, деб ҳисобланади, яъни бу "give back" (қайтариб бериш) тушунчаси билан изоҳланади.
Ўзбекистондаги инглиз тили ўқитувчилари ёки ижтимоий тармоқдаги танишларим турли саволлар билан чиқишни бошлашган эди. Соҳадаги янги билимлар ҳақида батафсил гапиришнинг ҳар доим ҳам имкони бўлавермаган. Сўнг Facebook'да ELT Uz – English Teachers from Uzbekistan гуруҳини очганман. 6 мингдан ортиқ обуначилар бор. Соҳага оид муҳим масалалар бўйича суҳбат олиб борамиз.
Пандемия туфайли онлайн таълим бўйича саволлар ошиб кетди. Шу сабабли Mentor Hub лойиҳасини ишга тушириш ғояси келди. 1 йилдан бери лойиҳа доирасида вебинарлар ташкил қилишни йўлга қўйдик.
«Хорижда яшашни орзу қилмаганман»
— Шу йил охиригача Ўзбекистонга қайтиш ниятим бор. Ўзи умуман, хорижда яшашни орзу қилмаганман. Хорижда яшаётган ватандошларни юрт соғинчи қийнайди, яқинларидан анча вақт узоқда бўлиш жуда оғир. Бу туйғу ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Режалаштирилган ишларимизни амалга оширгач, оилавий қайтиш ниятимиз бор.
Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.