​​Янги баҳолаш тизими амалдаги баҳолашдан қандай фарқ қилади?

?Шу пайтгача баҳолаш жараёнида форматив ва сумматив баҳолаш ўртасидаги чегара аниқ белгиланмаган эди. Ўқувчига қўйилган кундалик баҳо йиғилиб чораклик ва йиллик баҳони шакллантиришга хизмат қилган.

?Миллий ўқув дастури доирасида тайёрланаётган баҳолаш тизимида эса форматив ва сумматив чегараси аниқ белгиланади. Ўқитувчи ўқувчиларни форматив шаклда баҳолаб бораверади ва бу баҳога расмий тус берилмайди. Ўқитувчи буни ўқувчилар қай даражада ўзлаштириб бораётганлигини аниқлаб бориш, шу асосида ўқувчи ва ўз фаолиятини коррекция қилиш учун амалга оширади. Форматив баҳолар сумматив баҳоларни тўплаш учун хизмат қилмайди.

?Эндиликда сумматив баҳолаш асосан йилда бир марта, йилнинг охирида Республика таълим маркази томонидан синфлар бўйича фанлар кесимида тайёрлаб берилган ягона баҳолаш материаллари асосида ўтказилади. “Баҳолаш учун ягона материал берилади. Битта имтиҳон учун кимдир ёзма иш, кимдир муқобил вариантли тест, кимдир оғзаки шаклдаги саволлардан фойдаланмайди”, — дейди Миллий ўқув дастурининг Баҳолаш йўналиши бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Фарруҳ Aбдуллаев. Ишчи гуруҳ раҳбари ягона материаллар баҳолашдаги ʼʼтарозининг паллалариниъʼ ёки баҳоловчининг ʼʼқаричлариниъʼ тенглаштирилиши ва субектив омилларни камайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

?МЎД доирасида шакллантирилаётган баҳолаш тизимининг яна бир аҳамияти, энди у аниқ мезонларга асосланган баҳолаш шакли ишлаб чиқилмоқда. Шу пайтгача баҳолаш жараёни кўпинча субективлик характерига эга бўлган. Ўқитувчи кўпинча ўқувчи қайси баҳога лойиқ компетенсияни ўзлаштирганига қараб эмас, синфдаги бошқа ўқувчиларнинг ўзлаштиришига солиштириш орқали баҳолаган эди. Энди эса сумматив баҳолашда ўқувчи берилган вазифани қай даражада бажарганида унга 1 балл, қай даражада бажарганида 5 балл қўйилиши кераклиги, ўқувчи ҳар бир фан бўйича ҳар ўқув йилининг охирида нималарни ўзлаштирган бўлиши кераклиги аниқ мезонлар асосида белгилаб берилади.