⚡️1 ИЮЛДАН БОШЛАБ МАКТАБ ПСИХОЛОГЛАРИНИНГ ШТАТ БИРЛИГИ ҚИСҚАРТИРИЛАДИ

Хабарингиз бўлса, шу йилнинг февраль ойида мактаблардаги психолог лавозими қисқартирилиши мумкинлиги ҳақида хабар бергандик.

 

Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 12 февраль куни ўтказилган Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида мактаблардаги психолог штатларини кисқартириш ҳисобидан вояга етмаганлар масалалари бўйича 2 мингта профилактика инспектори лавозимини киритилиши таъкидланганди.

 

Жорий йилнинг 2 апрель куни “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

 

Мазкур қарор билан «Хавфсиз таълим муассасаси» тамойили асосида вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида 2021 йилда умумий ўрта таълим муассасаларининг 2 000 та психолог штат бирлигини жорий йилнинг 1 июлидан қисқартириш эвазига 1 100 та инспектор-психолог штат бирлиги киритилиб, 2022 йилда эса қўшимча 900 та штат бирлигини киритиш орқали уларнинг сони 2 000 тагача етказилади.

 

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Ички ишлар вазирлиги (А.Икрамов) 2021 йил 1 сентябрга қадар инспектор-психологлар учун умумий ўрта таълим муассасаларида махсус жиҳозланган хизмат хоналарини ташкил этиш чораларини кўради, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси уларнинг фаолиятини тартибга солувчи низомни ва самарадорлик индикаторларини тасдиқлаш чораларини кўради.