Калтакланган ўқитувчи аёл юзасидан ХТВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг  МУНОСАБАТИ

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши мурожаати

Жамоатчилик кенгаши ўқитувчиларга тазйиқ ўтказилиши, ўзгалар томонидан калтакланиш ҳолатларини қоралаб аввал ҳам мурожаат билан чиққан эди.

Минг афсуски, бу каби мудҳиш ҳолат яна бир бор такрорланди. Бу сафар калтакланган Қашқадарё вилояти Касби туманидаги 50-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси олис ҳудудга бориб ишлаётган ҳомиладор аёл бўлгани бутун жамоатчиликнинг аввалгиданда кўпроқ ғазабини келтирди. Боз устига калтаклаган шахснинг ўзи ҳам ўқитувчи эканлиги дилларни янада хуфтон қилади.

Буни кечириб бўлмас ҳолат, деб ҳисоблаймиз.

Жамоатчилик Кенгаши аъзолари суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўқитувчини калтаклашда айбдор деб топилган шахсларни Қонун доирасида жавобгарликка тортиб, келгусида бошқа шахсларга ҳам дарс бўлиши учун бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилишларини сўраб қоламиз.

Яна бир бор барча юртдошларимизни жондан азиз фарзандларимизга таълим ва тарбия беришдек масъулиятли ва шарафли вазифани адо этаётган фидойи устозларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказмасликка чорлаб қоламиз.

Халқ таълими вазирлиги хузуридаги Жамоатчилик кенгаши