Халқ таълими вазири Тошкент вилоятининг пойтахтга чегарадош мактаблари фаолиятини танқидий таҳлил қилди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкент вилоятининг пойтахтга чегарадош ҳудудида жойлашган мактаблар фаолиятини ўрганди. 

Давлатимиз раҳбарининг яқинда Тошкент вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқларига мувофиқ, пойтахтга чегарадош ҳудудлардаги мактабларда таълим сифатини ошириш орқали ўқувчиларнинг бир неча километр узоқликдаги шаҳар мактабига бориб ўқиш муаммоси хал этилиши билан бирга Тошкент шаҳри мактабларида ўқувчилар сонининг кескин ошиб кетиши олди олинади.

Вазирлик ишчи гуруҳи Зангиота туманидаги 35 ва 6-сонли “тўқ қизил” мактабларда бўлиб, педагогик жамоа билан сухбатлашди. 

35-сонли мактаб ўтган йили мукаммал таъмирдан чиқарилган, барча шароитлар яратилган, замонавий компьютер синфига эга, ўқувчилар бир навбатда таълим олади, лекин таълим сифати кўрсаткичлари паст, ўтган ўқув йилида бирорта ҳам битирувчиси олий таълим муассасасига кира олмаган, маҳоратли педагоглар, олий тоифали ўқитувчилар етарли эмас. Шу боис, мактаб маъумурияти тўлиқ янгиланиб, яқинда мактаб директори ва унинг ўринбосарлари алмаштирилган. 

Шунингдек, тумандаги 6-сонли мактабда ҳам шароитлар етарли, лекин таълим сифати кўрсаткичлари бўйича натижалари қониқарсиз.

Ҳар иккала мактабда ҳам иккинчи навбатда хоналар бўш бўлишига қарамасдан, дарсдан кейинги вақтларда ўқувчилар бандлигини таъминлаш ишлари, тўгараклар фаолияти йўлга қўйилмаган, информатика хонаси, кутубхоналардан фойдаланилмайди.

Педагогик жамоа билан сухбат жараёнида ҳар бир ўқитувчи ўз ишига масъулият билан ёндошиб, сифатли таълим бермаса, битирувчиларнинг муваффақияти, олий маълумотли бўлиши ёки бирор-бир касб-ҳунарга йўналтирмаса, ижобий ўзгариш бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Шунингдек, Янгийўл туманининг чекка ҳудудларидан бирида “Хўжаобод” маҳалласида жойлашган 32-сонли мактабга келгуси йилда қўшимча ўқув биноси қуриш бўйича Инвестиция дастурига критиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди.