
Республика таълим марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик таълими соҳасида ўтказилган назорат-таҳлил тадбири якунларини муҳокама қилиш мақсадида пресс-конференсия ташкил этилди.
Тадбирда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик таълимини малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳолати кўриб чиқилди.
Бугунги кунда Бухоро давлат университети, Фарғона давлат университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, бошқа бир қатор олий таълим муассаларида ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаб келинмоқда. Охирги уч йил давомида ушбу олийгоҳларда “Чақириққача ҳарбий таълим” йўналишларини тамомлаб, офицер унвонига эга бўлган 767 нафар мутахассислар тайёрланган бўлса-да уларнинг ҳаммаси ҳам айни шу йўналишда фаолият олиб бораётгани йўқ.
Бироқ шунга қарамасдан, ўрганишлар натижасида бу фандан дарс бераётган ўқитувчиларнинг:
- 17 фоизи номутахассислар;
- 5,8 фоизи шартнома асосида жалб этилаётган мутахассислар;
- 24 фоизи ҳақиқий ҳарбий хизматдан резерв ёки истеъфога бўшатилган офицерлар;
- 38 фоизи шу йўналиш бўйича мутахассилар эканлиги аниқланди.
Муҳокамаларда:
- чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг моддий-техник таъминоти;
- ўқув хоналарини жиҳозлаш;
- дарслик, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш масалалари;
- айрим мактабларда амалий машғулотлар ўтказииш учун тўсиқлар ёʼлаги мавжуд эмаслиги;
- баъзи мактабларда тўсиқлар йўлаги эскириб қолгани боис, амалиётда қўллаш хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги каби муаммолар ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан машғулотларнинг самарадорлигини баҳолаш юзасидан 2192 нафар ёшлар орасида ўтказилган социологик тадқиқотлар натижаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мажлис якунида юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш билан боғлиқ таклифлар билдирилди. Ушбу масала келгусида ҳам доимий парламент назоратида бўлиши таъкидлаб ўтилди.