Ўқувчини бир мактабдан бошқасига ўтказиш тартибини биласизми?

— Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йилида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

— Бунда бир мактабдан бошқасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатиб мактаб директори номига ариза берилади.

— Ариза 1 иш кунида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун мактабдан кетиш талони берилади.

— Ота-оналар фарзанди ўқишни давом эттириши учун танланган мактаб директорига ариза беради. Аризага мактабдан кетиш талони илова қилинади.

— Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори ариза ва талонни қабул қилгач, шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш мактабга келиш талонини беради.

— Ўқувчи ўқиётган мактаб директори мактабга келиш талонини олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади. 

— Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади:

—ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
—ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;
—ўқувчининг тиббий картаси.

— Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори бошқа мактабдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.