ФАН ЎҚИТУВЧИСИ ЎҚУВЧИЛАР УЧУН ТЎГАРАК ЎТИШГА МАЖБУРМИ?

 

Таълим тўғрисидаги Қонуннинг 46-моддасида педагог ходимларнинг мажбуриятлари ҳамда Халқ таълими вазирининг 07.12.2019 йил 393-сонли буйруғида ўқитувчининг лавозим вазифалари келтирилган бўлиб, унга кўра тўгарак ўтиш ўқитувчининг мажбурияти сифатида келтирилмаган. 

Халқ таълими вазирининг 2021 йил 1 июлдаги 206-сонли буйруғи билан тасдиқланган "Халқ таълими ходимларининг лавозим мажбуриятлари"да ҳам ўқитувчининг тўгарак ўтиши ҳақида қоида назарда тутилмаган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 176-моддасида ходимнинг бурчлари келтирилган бўлиб, унга кўра ходим фақат иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши лозимлиги келтирилган. 

Юқорида келтирганимиздек, иш берувчи ходимга бундай талаб қўя олмайди. 

Қолаверса, Меҳнат кодексининг 177-моддасида ҳам иш берувчининг бурчлари келтирилган бўлиб, унга биноан иш берувчи ходимлар меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши, ушбу Кодексга мувофиқ жамоа шартномаларини тузиши шарт.

Эътибор беринг. Мазкур моддага кўра иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас.

❗️Эслатиб ўтамиз. Маъмурий жавобгарлик тўғрсидаги 49-моддасига асосан мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.