«1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан ҳамма ўқитувчилар 100% мукофот пули оладими?

Маълумки, педагог ходимлар умумтаълим муассасасини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси ва ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун ҳамда республикамизда нишонланадиган байрам саналари муносабати билан уларга календарь йили давомида жами икки лавозим маошигача миқдорда мукофот пули тўлаш йўли билан моддий рағбатлантирилиши, бу йилига бир неча маротаба амалга оширилиши мумкин эди.

Эски амалиёт бўйича таълим муассасаларидаги ўқитувчилар кўрсатган натижаларига қараб календарь йили давомида навбатма-навбат лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда пул мукофоти билан рағбатлантириларди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори билан ушбу тартибга чеклов ўрнатилган. Янги тартибга кўра умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан раҳбар ходимлари фақатгина «1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача  миқдорида мукофотланиши мумкин.

Ҳамма ўқитувчилар байрам муносабати билан мукофотланиши иш берувчи (мактаб директори, ХТБ мудири) ҳамда халқ таълими бўлимларининг бухгалтер ва иқтисодчиларига боғлиқ.

Улуғбек Пўлатов