Жорий йилнинг 25 мартидан бошлаб республикамизнинг 14 та ҳудудида педагог кадрлар аттестациясининг малака (тест) синовлари ўтказилмоқда.
Бу йилги жараёнлар соддалаштирилган тартибда ўтказилаётгани ва ҳар бир педагогга ҳужжатларини бевосита электрон тарзда топшириш имконияти яратилгани сабабли, аввалги йилларга қараганда бир неча баробар кўпроқ яъни 280 минг нафар ўқитувчилар аттестацияда иштирок этиш истагини билдирган. Мазкур педагогларнинг 70 фоизи навбатдан ташқари ўз ихтиёри билан аттестацияда қатнашиш учун ариза топширган.
Ўтказилаётган малака тест синовларида ҳар бир талабгор миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари томонидан текшириб киритилиши ҳамда назоратчилар томонидан тегишли чоралар кўрилишига қарамасдан айрим ўқитувчилар томонидан ўз ўрнига бошқа шахсларни киритишга уриниш билан боғлиқ қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда.
Ачинарлиси, бу жараёнларга аксарият ҳолларда олий таълим муассасалари талабалари, юқори синф ўқувчилари ёки репетиторлик билан шуғулланувчи соҳа вакиллари ҳам жалб қилиняпти.
Бугунги кунга қадар ўрнига кириш билан боғлиқ 200 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, уларнинг барчаси синовлардан четлаштирилган.
Шу билан биргаликда бировнинг ўрнига киришга ёки ёнида туриб ёрдам беришга уринган педагогларнинг ўзлари кўрсатган натижалар ҳам бекор қилинган.
Ажабланарлиси, бу ишга қўл ураётган педагогларнинг аксарияти навбатдаги ташқари ўз ихтиёри билан аттестацияда иштирок этиш истагини билдирган.
Ўрнига кириш ҳолатларини аниқлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаол ҳаракат қилиб, қоидабузарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жарима белгиланмоқда.
Бундан ташқари, ўз ўрнига бошқа шахсларни киритган педагогларнинг иш жойларига, ҳамда бу жараёнга аралашиб қолаётган ўқувчи ва талабаларнинг ўқиш жойларига тақдимномалар юборилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда ўқитувчиларнинг жамиятда обрўйини ошириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик жуда муҳим ҳисобланади.
Малака тест синовлари жараёнида ҳар бир ҳудуддаги биноларда кузатув камераларининг узлуксиз ишлаб туриши қатъий назоратга олинган.
Синовларни ўтказиш вақтида ҳар бир компьютерга махсус дастурлар ўрнатилиб, марказий серверда бирма-бир рўйхатга олинади.
Ушбу дастур ёрдамида масофадан бошқариладиган дастурларни блоклаш ҳамда рўйхатга олинмаган компьютерларнинг тестга кириш имкониятини чеклаб қўйиш мумкин бўлади. Бу эса жараёнларнинг автоматлаштирилган дастурий тизим ёрдамида мониторинг қилиб бориш ва турли қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳурматли устозлар!
Педагоглар аттестацияси жорий йилдан бошлаб бир йилда икки маротаба ташкил қилинмоқда. Навбатдан ташқари иштирок этиб паст натижа қайд этилса ҳам ҳеч қандай салбий қарор қабул қилинмайди.
Турли фирибгарларга ишониб алданмаслик ҳамда ҳамкасбларингиз олдида уятга қолмаслик учун бундай ҳолатларга уринмаслигингизни сўраб қоламиз.
Агар Сиздан кимдир малака тест синовлари жараёнида маълум хизмат эвазига пул талаб қилса ёки бошқа кўринишдаги тамагирлик ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Таълим инспекциясининг @antikorr_tdibot мурожаатлар боти ёки манзили ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.