Халқ таълими вазирлиги томонидан Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблар фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чилонзор туманидаги мактабларда бўлди.
164-мактабнинг география, 195- мактабнинг инглиз тили дарсларида қатнашиб, ўқувчилар билан савол-жавоблар ўтказилди. Энг иқтидорли, аъло баҳоларга ўқиётган 2 нафар ўқувчига билим олишга бўлган иштиёқини янада ошириш мақсадида ноутбук совға қилинди.
Мактаб раҳбари ва педагоглари билан суҳбатда мактабларда таълим жараёнларини яхшилаш, ёш мутахассисларни мактаб ҳаётига мослашишлари, ўқитувчининг касбий маҳоратини ҳамда сифатли таълим бериш учун масъулиятини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш юзасидан таклифлари тингланди.
Чилонзор туман ҳокимлиги томонидан умумтаълим мактабларидаги мавжуд муамоларни ҳал этишга қаратилган “йўл харитасини” ишлаб чиқиш, инфратузилмаси ва моддий-техник базасини мустаҳакамлаш ҳамда мактаблар имиджини ошириш учун туманнинг ўзига хос бўлган “бренди”ни яратишга келишиб олинди.