6-синфларда Табиий фанлар дарсини қайси ўқитувчи ўтади? Деган савол туғиляпти
Жавоб: Биология, физика ва география фани ўқитувчилари 6-синфларда «Табиий фанлар» дан дарс беришлари мумкин.
Бунинг учун 6-синфдаги Табиий фандан дарс бериш истагидаги ўқитувчилар Халқ таълими вазирлиги тизимида ташкил этиладиган ўқув курсларини муваффақиятли якунлаб, сертификатга эга бўлишлари талаб этилади.
Агарда бир мактабда география, биология, физика ўқитувчиларидан барчаси сертификатга эга бўлса у ҳолда уларга дарс Адлия вазирлигининг 2020 йил 30 июнда 3271-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом асосида тақсимланади.
Табиий фанлар (Science) сертификатини олиш учун ўқитиладиган қисқа муддатли курс биология ёки география, физика ўқитувчиларини бир ойда тайёрлай оладими?
Жавоб: Барча фан ўқитувчилари олий маълумотли, мактабда барча фандан таълим олган бўлиб, фундаменти бор.
Табиий фанларни ўқитиш методикаси, мазмунига қаратилган ўқув курслар ташкил этилиб, география, биология, физика фанларининг бошланғич тушунчалар берилади. Мураккаб бўлмаган қизиқарли тажрибалар, амалий машғулотлардан, лойиҳа ишлари билан бойитилган. Айтайлик биолог одамнинг таянч-ҳаракат системаси ҳақида фундаментал билимга эга. Биология ўқитувчиси дарсликка киритилган мана шуни мавзуни ўрганишда физикадаги оддий механизмлар мавзуси билан боғлиқлигини тушунади. Яъни уларга ўқувлар жараёнида бош ва оёқ-қўлларимиздаги суяклар ҳам ричаг вазифасини бажариши тушунтирилади. Қолаверса, ўқитувчилар учун яратилган методик қўлланма ҳам курсда олган билимлари асосида кейинчалик дарс ўтишга ёрдам беради. Ҳозирги кундаги «Табиий фанлар» ни ўқитиш учун ўқитувчидан ижодкорликни, изланувчанликни, билимдонликни талаб қилади.
Табиий фанлар (Science) ни бошланғич синфларга география ўқитувчиси ўтиши мумкинми?
Бошланғич синфдаги Табиий фанларни (Science) бошланғич синф ўқитувчиларининг ўзлари ўтадилар. География фани ўқитувчиси бошланғич синфларда Табиий фанларни ўтиши мумкин эмас.
Янги фан киритилиши ўқитувчиларга қандай имконият яратади?
Миллий ўқув дастурида айнан География фанидан ҳафталик 8 соат дарс ўтилиши белгиланган. Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, география фани ўқитувчиларида “Табиий фанлар” йўналиши бўйича қисқа муддатли қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган тақдирда, 11 соат дарс бериш имконияти пайдо бўлади (натижада, амалдаги – ҳафталик 10 соат ўрнига, 11 соат дарс беришлари мумкин).
Шу билан бирга, география фани ўқитувчилари учун муҳим бир янгилик. Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларга иқтисодий билимларни ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш имкониятларини ўрганмоқда.
Мазкур йўналишда қўшимча дарс жорий қилинса, бу ҳам география ўқитувчилари учун қўшимча имконият бўлади. Сабаби, аксарият мактабларда бу фанни география ўқитувчилари ўқитишади.
Нима учун 8 ва 9 синфдаги География фанидан 0,5 соатдан олинди?
Жавоб: 2022-2023 ўқув йили учун 8,- 9-синфлардаги амалдаги география дарсларининг жами бир дарс соати Миллий ўқув дастури асосида яратилаётган 10-синф “Жаҳон ижтимоий-иқтисодий географияси” фанидаги мавзуларни долзарблиги ҳамда пухта ўрганишни талаб этилишини инобатга олган ҳолда 10-синф қўшиб берилди.
Миллий ўқув дастури ўқитувчиларни ишсиз қолдиришни эмас, ўқувчиларни ҳаётга тайёрлашни кўзлайди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугун ўзбекистонлик ўқувчиларнинг ўқув юкламалари жаҳоннинг аксарият тенгдошларига қараганда кўп. Аммо тадқиқотларга кўра, таълим сифати ва самарадорлиги дарс соатлари билан боғлиқ эмас.
Ўқув дарслари ва ўзлаштириш соатларининг ортиб кетиши натижасида:
1. Ўқувчи мавзуларни ўзлаштиришга улгурмайди
2. Бу эса унинг фанга нисбатан қизиқишини сусайтиради
3. Натижада ўқувчи дарсдан безиб, ўзлаштириш учун ички рағбат топмайди
4. Шунингдек, ўқувчида ўзининг қизиқишлари, қўшимча машғулотлар учун вақт ажрата олмайди.
Аммо, бугун дарс соатлари ва фанлар сонини оптималлаштириш орқали ўқув юкламасини камайтиришга тўсиқ бўлаётган муҳим жиҳат бор, бу – ўқитувчиларга соат асосида маош тўланишидир. Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида бу амалиётдан воз кечилган. Шуни инобатга олиб, юртимизда ўқитувчига натижа асосида, таълим самарадорлигига маош тўлаш тизимлари ҳам жорий қилинмоқда.
Миллий ўқув дастури умумий ўрта таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштиришни кўзлайди. Демак, асосий мақсад ўқувчининг сифатли билим олишига қаратилган. Миллий ўқув дастури доирасида таълим мазмунида амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар иқтисодиёт соҳаларига халқаро андозалар асосида меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаши билан ўқувчилар учун манфаатлидир.
Шу нуқтаи назардан, жамоатчиликдан таълим мазмунида амалга оширилаётган ислоҳотларни тўғри талқин қилишларини сўраб қоламиз. Бу янгиланишлар Халқ таълими вазирлигининг 6 миллиондан зиёд ўқувчи-фарзандларимизни рақобатбардошлиги учун қайғураётганидан далолатдир.