Сиз аёл кишини 70 ёшида жисмоний тарбиядан дарс беришига ишонасизми? “Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳасининг навбатдаги ғолибаси, "Дарё.уз" сайти мухбири Хонзодабегим Аъзамованинг “Пул учун ишламайман” деб номланган мақоласида 70 ёшида ҳам жисмоний тарбиядан дарс бериб келаётган ўқитувчи ҳикояси акс этган.
Мақолада пойтахтимиздаги 89-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Нурхон Мўминованинг фаолияти ва ҳаёти қаламга олинган.
Нурхон Мўминова 30 йилдан буён спорт билан ҳамнафас бўлиб, ўқувчиларга жисмоний тарбиядан сабоқ бериб келмоқда.
Устоз – ўз касбини ҳаётининг мазмуни деб билади. Ҳар тонг соат 8-00 да дарс ўтишга тайёр бўлиб турувчи муаллима миллий куй-қўшиқ оҳанглари билан ўқувчиларни спорт машғулотларига жалб этади. Бу усул билан ўқитувчи бошланғич синф ўқувчилари диққатини бир зумда жамлаб олади. Шу боисдан ҳам ўқувчиларга Нурхон Мўминованинг ҳаракатли ўйинлар ўргатиши жуда ҳам манзур бўлади.
Бугунга қадар мақола ижтимоий тармоқларда трендга чиқиб интернет фойдаланувчиларининг эътирофларига сазовор бўлди. Биргина "Дарё.уз нашрининг ўзида 72 мингдан ортиқ ўқилган, Ижтимоий тармоқларда мингга яқин “Like” йиғиб, юзга яқин марта улашилган.
Халқ таълими вазирлиги томонидан “Замонамиз қаҳрамони” лойиҳаси доирасида мақола муаллифи Хонзодабегим Аъзамова ноутбук билан тақдирланади.
"Замонамиз қаҳрамонлари" лойиҳаси давом этади, сиз ҳам Нурхон Мўминова сингари ўз ишининг фидоий устозларини топинг, трендга чиқаринг ва ноутбук соҳиби бўлинг.